08:54 / 10.04.2019
10373

Албания пойтахти аэропортида самолётдан бир неча миллион доллар ўғирлаб кетилди

Фото: Global Look Press/FrankHoermann/SVEN SIMON

Албания пойтахти Тирана аэропортида ниқобларда бўлган қуролланган ўғрилар Австриянинг Austrian Airlines авиакомпанияси самолётига ҳужум содир этиб, унинг ичидаги бир неча миллион еврони ўғирлаб кетишган. Бу ҳақда ORF телерадиокомпанияси хабар берди. 

Маълум қилинишича, самолёт воқеа вақтида Венага учишга тайёргарлик кўраётган бўлган. Албания полициясининг хабар беришича, ўғрилар аэропорт ҳудудига ўт ўчириш машиналари кириш жойи орқали тушишган. Гувоҳларнинг таъкидлашича, ниқобларда бўлган 3 босқинчи самолёт бортига кириб, экипажга қурол билан таҳдид қилиб, юкхонадаги пулларни ўғирлаб кетган.

Radio Televizioni Shqiptar телерадиокомпания маълумотларига кўра, жиноятчилар аэропортга солиқ терговлари бошқармаси ходимлари кийимида “Солиқ инспекцияси” ёзуви бўлган автомобилда киришган.

Албания ички ишлар вазирлигида самолётдан умумий ҳисобда 10 млн евро ўғирлангани маълум қилинган. 

Ўғрилар қочиши вақтида полиция томонидан бир ўғри бартараф этилган. Қолган босқинчилар қочишга муваффақ бўлган. Улар томонидан қўлланган автомобиль Бабрру қишлоғи ёнида ёқилган ҳолда топилган. Айни вақтда ўғриларни қидириш ишлари олиб борилмоқда.

Самолёт экипажи ва йўловчиларга зарар етмаган. Воқеадан кейин Она Тереза номидаги Тирана аэропортида хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Воқеа сабабли самолёт Австрияга 2 соатлик кечикиш билан учган. Унинг бортида 160 киши бўлган, уларнинг барчаси парвозгача сўроқ қилиб чиқилган.

Balkan Insight порталининг ёзишича, хорижий компаниялар Албаниядан Венага пулларни етказишда оддий авиакомпаниялар хизматларидан мунтазам фойдаланиб келади. Бу ўғрилик Тирана аэропортидаги биринчи шундай ўғрилик бўлмай, полициянинг бундай воқеаларга қаршилик кўрсата олишга тайёрлиги борасида саволлар туғдиради.

Top