Жаҳон | 14:00 / 13.04.2019
11964
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин ҳарбий кучни мустаҳкамлаш ва атом энергетикасини ривожлантиришга ваъда берди

Фото: Reuters/KCNA

Шимолий Корея ҳарбий кучини мустаҳкамлайди ва атом энергетикасини ривожлантиради. Бу ҳақда КХДР етакчиси Ким Чен Ин маълум қилди.

Шимолий Корея етакчиси КХДР Олий халқ мажлиси сессиясида нутқ сўзлади, унинг тўлиқ матни шанба куни Жанубий Кореянинг «Рёнхап» агентлиги томонидан эълон қилинди.

«Электр энергетикаси соҳасида истиқболли энергия ресурслари, жумладан, гидроэнергетика, сув энергияси ва атом энергияси қувватларини ишлаб чиқиш ҳамда кўпайтириш зарур», - деди Ким Чен Ин.

Шу тариқа, у ўз мамлакати ядровий ишланмалардан бутунлай воз кечмаслигини тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, «тинчликни фақатгина кучли ҳарбий қудратимиз билан таъминлашимиз, ўзини ўзи ҳимоя қилиш тамойилига содиқ қолишимиз ва бундан кейин мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашимиз кераклигини доимо ҳисобга олиш керак».

«Мудофаа кучи - республикамиз суверенитетини ҳимоя қилишнинг мустаҳкам кафолати. Бугун Корея ярим оролига етиб келаётган тинчлик нафаси кучли нарса эмас, душман кучларининг республикамизга қарши агрессив фикрлари эса йўқолмади», - дея қайд этиб ўтди КХДР етакчиси.

У мамлакат ҳукуматини «биринчи навбатда халқ армиясини мустаҳкамлаш ва бутун мамлакатни қалъага айлантириш, ўзини ўзи ҳимоя қилиш принципини имкон қадар кўпроқ амалга ошириш, мудофаа саноатини модернизация қилиш ҳамда давлатнинг мудофаа қудратини доимий равишда ошириш учун барча зарур шароитларни таъминлаш»га чақирди.

Бундан олдин, Ким Чен Ин Трамп билан учинчи саммитга тайёр эканини маълум қилганди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид