Kun.uzʼнинг навбатдаги суҳбатдоши адабиётшунос олим, ўтган асрнинг энг яхши адабий кўрсатувларидан бири “Ҳайрат” нинг муаллифи Раҳмон Қўчқор бўлди.

Адабиётшунос билан суҳбатимиз “Ҳайрат” кўрсатуви, ўзбек адабиёти, таълим ва тарбиядаги мавжуд камчиликлар, уларнинг ечими, сўз эркинлиги, халқимизни китоб мутолаасидан узоқлаштирган омиллар, шунингдек, халқ тафаккури борасида кечди.

Қуйида суҳбатнинг иккинчи қисми билан танишишингиз мумкин.

Видео: Youtube.com

Видео: Mover (tas-ix)

 Раҳмон ака, кўпчиликнинг фикрича, амал ижодни синдиради. Сизнинг ҳам маълум бир йилларингиз Президент девони ва Вазирлар Маҳкамасида турли лавозимларда ўтди.

Суҳбатга тайёргарлик чоғида бир неча адабиёт вакиллари билан суҳбатлашганимизда улар Раҳмон Қўчқорнинг ижоди амалга ўтгунча жуда кучли эди, ёниб ижод қиларди, кейин сустлашиб қолди, деган фикрни билдиришди.

Хўш, сиз ўзингиз ижодкорнинг амал курсисига келгач ижоддан тўхташи тўғрисидаги фикрга қандай қарайсиз?

— Илёсбек, аввало бир нарсани аниқлаштириб қўйишимиз керак. Тўғри, мен 12 йил давомида Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси идораларида хизмат қилганман. Лекин мен амалдор бўлган эмасман. Амалдорлик бошқа масала. Менинг хизмат автомобилим йўқ эди, болаларимни боғчага олиб борадиган алоҳида шофёрим бўлган эмас. Биз қолган юзлаб кишилар сингари Президент девонидадир ва Вазирлар Маҳкамасидадир, функция бажарувчи, кичик бир хонада кун бўйи меҳнат қилувчи, компьютер қаршисида қарор лойиҳасидир, фармон ёки фармойиш лойиҳасидир, у ёки бу қонун лойиҳасидир, умуман, функция бажарувчи ходим бўлганмиз.

Амалдор бўлган эмасмиз. Демоқчиманки, мен ўзимни ҳеч қачон амалдор бўлганман деб ҳисобламайман. Балки, ташқаридан қараган одамга шундай кўринган бўлиши мумкин.

Вазир – амалдор, вазир ўринбосари амалдор, ҳоким – амалдор, Агентлик раҳбари – амалдор. Яъни булар  амал курсисига эга бўлган одамлар. “Фишка” дейишади. У ёки бу имзоси маълум суммани у ёқдан бу ёққа ўтказиб юборадиган кишилар. Бизнинг имзомиз ундай имзо бўлган эмас.