Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи 41 машҳур парҳезни таҳлил қилди, энг фойдали парҳезлар етти кўрсаткич бўйича сараланди: парҳезнинг озишга ёрдам бериш ё бермаслиги, сурункали касалликлар, юрак касалликлари ва диабетга қарши курашадими ёки йўқ, рационнинг қанчалик тўғри тузилгани, ундаги маҳсулотларнинг ҳамёнбоплиги ва уларнинг тайёрланиши осон ё мураккаблиги. Қайси парҳезлар етакчи ўринларни эгаллаганига оид маълумотлар zdorovieinfo.ru’да тақдим этилди.

1.   Ўрта ер денгизи парҳези

Тиббиёт фанлари доктори Дэвид Кац уни қуйидаги кўрсаткичлар бўйича ғолиб дея аниқлади: энг оддий парҳез, соғлом турмуш тарзи учун энг муносиб парҳез ва диабетни бартараф қилиш учун энг яхши парҳез. Асосан мевалар, сабзавотлар ва дон маҳсулотларидан иборат рацион ҳаёт давомийлигини оширишга ва сурункали касалликларни бартараф қилишга ёрдам беради. Бундай озиқланишнинг устувор жиҳатлари қуйидагича:

·        Ўсимлик толалари ошқозон саратони ривожланиш хавфини камайтиради;

·        Ёнғоқлар антиоксидантларга бой бўлиб, қариликдаги ақлий заифлашув олдини олади;

·        Ёғли балиқдаги Омега-3 яллиғланишга қарши курашади ва тери эластиклигини сақлаб қолишга ёрдам беради;

·        Зайтун ёғи ва унинг олеокантал номли компоненти оғриқни енгиллаштиради;

·        Меъёрий рацион юрак-қон томир касалликларининг ривожланиш хавфини камайтиради. Олимлар 12 йил давомида 25 минг нафар аёлни кузатиб, бундай озиқланиш тизимида юрак хуружи ва инсульт хавфи 25 фоизга қисқаришини аниқлашди.

 

Бу парҳезда қандай овқатланиш керак?

Ўрта ер денгизи парҳезида бирор маҳсулотдан тўлиқ воз кечиш талаб қилинмайди. Асосий қоидаларга риоя қилинса бўлгани:

·        Қовурилган таомлардан камроқ истеъмол қилинг;

·        Ёғлилик даражаси кам бўлган пишлоқларни танланг: моцарелла, фета, халуми;

·        Салатларни зайтун ёғи билан аралаштиринг;

·        Гўштдан кўра кўпроқ балиқ енг. Гўшт маҳсулотларидан товуқ гўшти, курка гўшти ва тухумни танланг;

·        Кўпроқ сархил сабзавот ва кўкатлар, помидор, бақлажон, булғор қалампири, цукини, тоғ жамбили, розмарин, қораялпиз ва райҳон истеъмол қилинг;