Спорт | 18:10 / 23.04.2019
15242
2 дақиқада ўқилади

Осиё чемпионати. Баҳодир Жалолов ва Бобо Усмон Батуров ҳам ярим финалга чиқди

Таиланднинг Бангкок шаҳри мезбонлик қилаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида Ўзбекистоннинг яна икки вакили ярим финалга чиқди.

Аввалига -69 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Бобо Усмон Ботуров қозоғистонлик Асланбек Шимбергенов билан жанг қилди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Жангнинг учинчи раундида икки боксчининг ҳам қоши ёрилиб кетди, натижада рефери жангни тўхтатди. Бу вақтга келиб ўзбекистонлик боксчи очколар ҳисобига олдинда эди ва ҳакамлар унинг ғалабасини қайд этишди. Батуров энди ярим финалда жанг қилади.

+91 кг вазн тоифасида рингга чиққан Ўзбекистон терма жамоаси вакили Баҳодир Жалолов хитойлик Ҳаипенг Мунига қарши рингга кўтарилиб, очколар ҳисобига устун келди ва ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Аёллар ўртасида -75 кг вазн тоифасида рингга чиққан Мавлуда Мавлонова Хитой тайпейилик Веи-Сиен Лин билан жанг ўтказиб мағлуб бўлди ва мусобақадаги иштирокини якунлади. -60 кг вазн тоифаси вакили Райҳона Қодирова ҳам турнирни эрта тарк этди, у чорак финалда мўғулистонлик Намуун Монхорга ютқазиб қўйди.

Шу тариқа, Осиё чемпионатига 20 нафар спортчи билан йўл олган Ўзбекистон жамоасидан фақат 8 нафари ярим финалга чиқди - Нодиржон Мирзаҳмедов (-49 кг), Миразизбек Мирзахалилов (-56 кг), Шукуржон Раҳимов (-60 кг), Бобо Усмон Батуров (-69 кг), Санжар Турсунов (-91 кг), Баҳодир Жалолов (+91 кг), Ёдгорой Мирзаева (-57 кг), Шаҳноза Юнусова (-57 кг). Турнирда совриндор бўлиши кутилган Ҳасанбой Дўсматов (-52 кг), Шунқор Абдурасулов (-64 кг), Дилшодбек Рўзметов (-81) ва Исроил Мадримов (– 75 кг) каби боксчилар турнирдаги иштирокини якунлаб бўлишди.

Мавзуга оид