Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги ўзларига тинчлик бермаётган бир фуқаро устидан «Мирзо Улуғбек» маҳалласи аҳли Kun.uz’га арз қилиб келди. Таҳририят фуқаролар томонидан ёзилган аризалар, тушунтириш хатлари, маҳалла фаоллари томонидан имзоланган далолатномалар, телефон суҳбати аудиоёзувлари ва адвокатнинг фикрлари билан узоқ танишиб чиқди.

Чархин қўрғонида жойлашган мазкур маҳаллада яшовчи бир гуруҳ фуқароларни қийнаётган муаммо битта — маҳаллада жойлашган, «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонасига тегишли автомобилларга техник хизмат кўрсатиш масканида фаолият кўрсатиб келаётган Санжар Зияев уларни муттасил равишда ҳақорат қилмоқда, зўравонлик билан умумфойдаланишдаги йўлкага эгалик қилмоқчи бўляпти.

Ўз мақсадини амалга ошириш учун у мана шу йўлка ичида жойлашган, маҳалладаги хонадонларни электр энергияси билан таъминловчи трансформатор подстанциясини ҳам кўчириб ташлаш ҳаракатида. Кунларнинг бирида маҳалла аҳли электр чироғи ўчиб қолганидан сўнг трансформатор ёқиб юборилганига ҳам гувоҳ бўлишган.

С.Зияев трансформаторни катта кўчага кўчириб юбориб, йўлкани ўзиники қилиб олмоқчи ва бу ерда автомобилларни ювиш маскани барпо этмоқчи. Шу сабабли, Самарқанд – Каттақўрғон йўли ёқасида кўчириладиган трансформатор учун янги жой ҳам барпо этиб қўйган.

Маҳалла фаоллари С.Зияев маҳаллада 2013 йилдан бери фойдаланиб келаётган бинонинг ҳеч қандай кадастр ва бошқа ҳужжатлари йўқлиги, ҳатто солиқ, газ таъминоти, электр тармоқлари идораларига ҳам ҳеч қандай тўлов қилмаслиги юзасидан ариза беришган. Бироқ солиқ ва МИБдан бирор тайинли жавоб олинмаган. Ҳозирча фақат кадастр идораси чиндан ҳам Зияевнинг «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонасига оид кадастр ҳужжатлари йўқлигини тасдиқлаб берди.

Биз С.Зияевдан «Йўлак учун ҳужжатларингиз борми?» деб сўраганимизда «Ҳужжатлар туман кадастр идорасида, улар расмийлаштириб беришяпти» деб айтиб ўтди.

С.Зияев маҳалладаги умумий фойдаланувдаги йўлакни эгаллаб, фуқароларни бу ерга киргани қўймаган ва ариқни кўмиб ташлаган. Бизнинг дастлабки ўрганишимиз чоғида йўлакка дарвоза ҳам ўрнатилган эди. Бир муддат аввал туман ҳокими Ш.Худойбердиевга ушбу вазиятни шахсан тушунтирганимиздан сўнг, ҳокимлик вакилларининг аралашувидан кейин йўлкани беркитувчи ноқонуний ўрнатилган дарвоза олиб ташланди.