Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармасининг янгидан таъмирланган, ҳамда ИИБ қошидаги хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси очилиш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, вилоят ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди.

Қисқача нутқлари давомида П.Бобожонов ва Э.Турдимов йиғилганларни янги бино билан табриклашди, ички ишлар органларида ишлаб пенсияга чиққан фахрийлар билан кўришишди. Мотамсаро она ҳайкали ва хизмат вазифасини ўташ вақтида ҳалок бўлган ички ишлар органлари ходимлари хотирасига ўрнатилган ёдгорлик пойига гуллар қўйишди.

Шундан сўнг янгидан барпо этилган, жиҳозлаш ва дастурий таъминотга яна 4 миллиард сўм сарфланган Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармасининг янги биноси очилди.

Янги бинода Марказий Осиёда ягона бўлган, “Хавфсиз шаҳар” лойиҳаси доирасида “Вазият маркази” барпо этилган. Айни пайтда Самарқанд шаҳрида ўрнатилган 4 мингдан зиёд камераларнинг 1100 дан ортиғи марказнинг куч ва воситаларни ягона геоинформацион бошқариш тизимига уланган.

Марказда Самарқанд шаҳрининг геоинформацион харитаси яратилган бўлиб, унга шаҳардаги 107 мингдан ортиқ хонадонлардан ташқари, тарихий обидалар, диний ибодат масканлари, тиббиёт ва таълим муассасалари, меҳмонхоналари киритилган.

Маҳаллий дастурчилар томонидан яратилган видео тасвир орқали одам юзини аниқлаш тизими интеграция қилиниб, синов тариқасида темир йўл вокзали, аэропорт, Регистон майдони, Сиёб бозори, Улуғбек автобекатига камералар ўрнатилиб, назоратга олинди. Мазкур тизим ҳозирча Самарқанд шаҳрида ҳисобда турувчи барча фуқароларни танийди, шунингдек, қидирувда бўлган шахсларни сониялар ичида аниқлаб, хабар беради.

Самарқанд шаҳридаги маҳаллалар харитада жиноятчиликнинг қайд этилиш даражасига кўра турли ранглар билан ажратиб кўрсатилади.

Бундан ташқари, барча соҳавий хизматлар ва фавқулодда тезкор хизматларнинг автотранспорт воситаларига ўрнатилган GPS навигатор қурилмаси геоинформацион тизим билан интеграция қилинган бўлиб, бу ўша транспорт воситаларининг жойлашган нуқтаси ҳамда ҳаракат жараёнини кузатиш имконини беради. Бу билан содир этилган ҳодисани бартараф этишда куч ва воситаларни тезкор ва тўғри йўналтиришга эришиш мақсад қилинган.