Kun.uz сайтида «Паст Дарғомлик безори маҳалла тинчини бузмоқда: Ҳоким, ИИБ бошлиғи ва прокурор жим» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинган, унда туманнинг Чархин қўрғони «Мирзо Улуғбек» маҳалласи ҳудудида жойлашган «Баланс Транс Сервис» оилавий корхонаси бошлиғи Санжар Зияев маҳалла аҳлига хизмат кўрсатаётган трансформатор подстанциясини кўчага — Самарқанд – Каттақўрғон йўли четидаги Димишқо канали бўйига кўчириб, трансформатор подстанцияси турган ҳудуд — ички йўлни ноқонуний эгаллашга уринаётгани ва маҳалла аҳлининг тинчини бузаётгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Маълум бўлишича, мазкур мақоладан сўнг туман ҳокими Шунқор Худойбердиев ва туман масъуллари вазият билан танишишган.
Маҳалла аҳлининг билдиришича, туман ҳокими мақола эълон қилинган куннинг эртасига тумандаги мутасаддилар билан автобусда келиб, воқеа жойини ўрганган.
Биз воқеа жойига етиб борганимизда туман электр тармоқлари идораси («Электросеть») раҳбари Ҳикмат Ҳаитов туман ҳокими трансформатор умумфойдаланувдаги йўл ичидан ташқарига чиқарилиши бўйича буйруқ берганини айтди. Бироқ аввалига айнан канал бўйига кўчирмоқчи эмасликларини, уни кўчириш учун жой ахтарилаётганини билдирган бўлса-да, кейинроқ ходимларига бу ҳоким буйруғи эканлиги, трансформаторни бугуноқ кўчириш кераклигини таъкидлади.

Тўғри, трансформаторнинг ҳозирги жойлашган ўрни ҳам хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. У ошхона ёрдамчи биноларига жуда яқин жойлашган. Ҳаитовнинг айтишича, жала вақтида томдан ёмғир суви сачраши ва авария рўй бериши эҳтимоли юқори.

Ҳикмат Ҳаитов трансформаторга ноқонуний уланган симлар ҳам борлигини кўрсатиб, бу симлар қаерга кетаётганини билмаслигини айтди. Наҳотки, тумандаги МИБ ва бошқа идоралар бундан бехабар бўлса?

Вилоят архитектура бўлими мутахассиси Улуғбек Рустамов маҳалла аҳли мурожаатини ўрганиш учун келганини айтиб ўтди. Низоли кўча атрофидаги жами қурилмаларнинг ҳужжати билан танишиб чиқишини, шундан сўнг мутахассислар якуний бир хулосага келишини билдирди.

























