Ўзбекистон | 13:32 / 04.05.2019
28584
2 дақиқада ўқилади

Тақиқланган 20 тонна гўшт маҳсулотлари сотувга чиқарилган. Бош вазирга парламент сўрови юборилди

2017-2018 йиллар мобайнида деҳқон бозорларидаги келиб чиқиши ҳайвонотга мансуб маҳсулот, хомашёни реализация қиладиган, сақлайдиган савдо шохобчалари ва омборларида ветеринария-санитария ҳолати назорати ўтказилмаганлиги учун сотилиши ман этилган 440 тоннадан ортиқ субмаҳсулотлари (жигар, буйрак, юрак ва бошқалар) ва 20 тонна гўшт маҳсулотлари савдога чиқарилган. Бу ҳақда Сенатнинг XIX ялпи мажлисида Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш қўмитаси раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.

Зайниддин Низомхўжаев​. Фото: Маъруф Асқаров / KUN.UZ

«Уюшган жамоаларда гуруҳли овқатдан заҳарланиш бўйича 2017 йилда 8 та ҳолат, 2018 йилда эса 7 та ҳолат юз берган. Улардан 4 таси МТМларда содир бўлган ва жами 73 нафар бола «ўткир диарея, дизентерия» инфекцион касаллиги ташхиси қўйилган. Сўнгги икки йилда жами 102 044 та умумий овқатланиш ва озиқ-овқат савдо объектларидаги ходимларнинг тиббий кўрик дафтарчалари текширилди ва 54062 нафар ишчи тиббий кўрикдан ўтмаганлиги аён бўлди. 91 та объектларда (30,5 фоизида) ичимлик суви таъминоти умуман ташкил этилмаган, 191 та (64 фоиз) бозор канализация тармоғига уланмаган, 53 та (18 фоиз) бозорда ветеринария-санитария лабораториялари мавжуд эмас. 55 та бозорда (18,4 фоизида) махсус чиқинди йиғиш майдончалари ташкил этилмаган», - дейди сенатор.

Низомхўжаев хусусий тадбиркорлик субъектларига тегишли озиқ-овқат ва умумий овқатланиш жойларида ҳам давлат санитария назоратини исталган вақтда, ҳеч қандай монеликсиз, молия-хўжалик фаолиятига аралашмаган ҳолда ўтказиш ҳуқуқини бериш масаласини кўриб чиқишни таклиф этди.

Бундан ташқари, юзага келган вазиятга ойдинлик киритиш учун сенаторлар Бош вазирга парламент сўровини юбориш тўғрисидаги қарорни маъқуллади.

Мавзуга оид