Яқинда ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Олмазор туманида фаолият юритаётган «Ҳикматли билим» нодавлат таълим муассасаси туман ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ноқонуний тартибда текширилаётгани акс этган маълумот тарқади. Kun.uz мазкур ҳолатни ўрганди.
Олмазор туманида жойлашган «Ҳикматли билим» НТМ ўқитувчиси Дилфуза Каримова билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ўтган 9 ой давомида ўзини ички ишлар идорасининг терроризмга қарши кураш бўлими ва Давлат хавфсизлик хизмати ходими дея таништирган бир гуруҳ шахслар томонидан муассаса бир неча марта текширилган. Биринчи текширув ўтган йилнинг август ойида бўлган. Ўшанда улар араб тили ўрнига диний билим берилаётганини рўкач қилиб муассасага келишган. Дилфуза Каримова текшириб келган шахсларга Мирқобил Ҳасановнинг «Иккинчи муаллим» деб номланган китоби асосида араб тили дарси ўтилаётганини айтган. Шунда улар бу китоб ўрнига алоҳида режа ишлаб чиқиб, ўша режа асосида ўтиши кераклигини тушунтиришган. Чуқур текширувлардан сўнг, ўша ерда дарс бераётган икки ўқитувчида малака сертификати йўқлигини айтиб, уларга маъмурий жарима ёзиб кетишган. Бу воқеалардан кейин бир ўқитувчи ишдан бўшаб кетади.
2019 йилнинг 14 март куни ўқув марказига терроризмга қарши кураш бўлими ходимларимиз, деб яна бир неча нафар текширувчи келган. Дилфуза Каримова араб тилидан дарс ўтаётган вақтда улар синфга киришган ва ўқувчиларнинг шахсий буюмларигача текширишади. Ҳеч нарса топа олмай ўқитувчилар хонасига киришади. Ўша ердан Қуръони карим китобини топишади.
Улар Дилфуза Каримовага «Сен индивидуал тарзда ўқувчиларга «эскича таълим» беряпсан», деб айтишади. Дилфуза Каримова бу айбловни рад этади. Бу китобдан ҳеч кимга дарс бермаслиги, ўзи мустақил исломшунос олима экани ва Қуръони карим китоби бўш вақтида тафсирлари билан мутолаа қилиши учун керак эканини тушунтиради.
Улар билан бирга мустақил эксперт ҳам бўлган. У барча иш режалари, ўқув китоблари ва бошқа дарсликларни текширади. Ходимлар Қуръони каримни унга кўрсатганларида ҳеч қандай эътирози йўқлиги ва бу китоб Аллоҳнинг каломи эканини айтади.
Шунда ходимлар Дилфуза Каримовадан ёки хонадан Қуръони карим китоби чиққани ёки бир вақтда иккита хонада дарс берилаётгани ҳақида тилхат ёзиб беришини сўрайди. У Аллоҳнинг каломи мусулмон инсонлар учун муқаддас китоб экани ва оилаларда бўлиши кераклигини айтади. Иккита хонада нега дарс бераётгани ҳақида тилхат ёзиб беради. Шундан сўнг, текшириш учун келган шахслар бу ерни тарк этишади.
Орадан бир ҳафтача вақт ўтгач, 20 март куни ходимлардан бири келиб ўқув марказининг лицензияси бекор қилингани ва бу ерда дарс ўтиш мумкин эмаслигини айтади ҳамда Дилфуза Каримовадан «бу муассасада бошқа араб тилидан дарс ўтмайман», деган мазмунда тилхат ёздириб олишади. Шундан сўнг, «Умар Мирзо» НТМ ёпилади. Унинг ўрнига 4 апрелдан ҳозирда ўз фаолиятини давом эттираётган «Ҳикматли билим» НТМ иш бошлайди.
















