Интернетда ички ишлар органи ходимларини гўёки “фош этадиган” навбатдаги мақола чиқиб, унинг муаллифлари хусусан Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарларидан бирини айблашмоқда, дея хабар беради ИИББ матбуот хизмати.
“Аноним манбаларга” таянган ҳолда журналистлар ички ишлар органи ва криминал элементлар “Молдовадан келган тадбиркорлардан зўрлик билан улуш ундираётганлари” ҳақида ёзишган. Ушбу шубҳали матннинг муаллифи кўпроқ эътибор жалб қилиш мақсадида “жар солувчи” сарлавҳа ва турли хил жимжимадор жумлалардан фойдаланган, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ушбу мақолани чоп этишдан мақсад Тошкент шаҳар ИИББ ходимларини обрў-эътиборини тўкиш эканлиги яққол кўриниб турибди.
Таъкидланишича, муаллиф “юқори лавозимда ишловчи амалдорларнинг” исмларини келтирмаслигини, “ҳозирча маълумот фақатгина суҳбатдошлар билан мулоқотдан олинганлиги” билан тушунтириб ҳийла ишлатмоқда. Юқорироқда у “юқори давлат лавозимида ишловчи шахс” томонидан тайинланган Тошкент бўйича аллақандай “вазият эгаси”нинг сўзларини келтирган. Тошкент шаҳар ИИББ сайтидан барча раҳбарлар бўйича маълумотлар келтирилган. Улар тўғрисидаги маълумотлар ҳам, идоранинг фаолияти ҳам сир тутилмайди.
Иккинчидан, таҳририят вакили ҳақиқатдан ҳам Тошкент шаҳар ИИББ матбуот-хизмати бошлиғи ўринбосари билан телефон орқали боғланиб, аниқ фактларсиз ёзиладиган барча маълумотлар асоссиз бўлиб, миш-мишдан бошқасига ярамаслиги ҳақида изоҳ олган, дейилади маълумотда.
“Шунингдек, журналистга хат билан ёки идоранинг сайтига ИИББ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини фош қиладиган материалларни йўналтириш тавсия этилган. Аммо ҳалигача сайтга бу каби бирорта мурожаат келиб тушмади. Бунинг сабаби исботлар йўқлигидами?
Энди Молдовадан келган “тадбиркорларга” тўхталсак.
Жорий йилнинг баҳорида пойтахт ИИББга келиб тушган мурожаатларда одамлар уларга оддий молни уч баравар нархда сотган молдован миллатига мансуб шахсларга нисбатан чора кўришни сўрардилар, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари аҳоли билан профилактик суҳбатлар ўтказишди. Маҳаллий аҳоли ва меҳмонларга қўлдан турли хил моллар харид қилишга шошмасдан, уларнинг нархини дўконлардан аниқлаштириш тавсия қилинган эди. Ходимлар аҳоли вакилларига Молдова фуқароларининг ҳаракатларидан жиноят таркиби йўқлигини тушунтиришди. Бундан ташқари, Молдова вакилларидан баъзилари тадбиркорлик билан шуғулланиш учун патентга эга эдилар. Тошкент шаҳар матбуот-хизмати томонидан видеосюжет тайёрланган бўлиб, унда бу каби ҳолатлардан бири тўғрисида батафсил сўз юритилган”, - дея билдирган ИИББ.















