Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан 1994 йил 22 сентябрида тасдиқланган № 2013-ХII сонли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига қуйидаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилиши мумкин:

81-модданинг (Далилларнинг турлари) иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

«Бу маълумотлар гувоҳнинг, жабрланувчининг, гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг кўрсатувлари, экспертнинг хулосаси, ашёвий ва рақамли далиллар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, кинотасвир ва фотосуратлардан иборат материаллар, тергов ва суд ҳаракатларининг баённомалари ва бошқа ҳужжатлар билан аниқланади».

87-модданинг (Далиллар тўплаш) биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

«Далиллар тергов ва суд ҳаракатларини юритиш: гумон қилинувчини, айбланувчини, судланувчини, гувоҳни, жабрланувчини, экспертни сўроқ қилиш; юзлаштириш; таниб олиш учун кўрсатиш; кўрсатувни ҳодиса рўй берган жойда текшириш; олиб қўйиш; тинтув; кўздан кечириш; шунингдек, компьютер тармоқларида масофадан эркин уланиш, гувоҳлантириш; мурдани эксгумация қилиш; эксперимент ўтказиш; экспертиза тадқиқотларини ўтказиш учун намуналар олиш; экспертиза ва тафтиш тайинлаш; тақдим этилган ашёлар ва ҳужжатларни қабул қилиш; телефонлар ва бошқа сўзлашув қурилмалари орқали олиб борилган сўзлашувларни эшитиш, шунингдек тезкор-қидирув тадбирларини ўтказиш йўли билан тўпланади».

90-модданинг (Далилларни баённомада қайд этиш) учинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:

«Баённомаларга: тергов ёки суд ҳаракатининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар, бу шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилгани; тергов ёки суд ҳаракатининг ўтказилиш жойи ва вақти, шарт-шароитлари, жараёни ва натижалари, бунда топилган электрон маълумот ва моддий объектлар тавсифи ва уларнинг иш учун аҳамиятли бўлган белгилари; тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси иштирокчилари тасдиқлашни сўраган фактлар; уларнинг юз бераётган ҳодиса сабаблари хусусидаги кўрсатувлари, тушунтиришлари, мулоҳазалари; улар томонидан берилган илтимосномалар, шикоятлар, рад этишлар; тергов ҳаракатини олиб бориш ёки суд муҳокамаси жараёнидаги тартиббузарлик ҳоллари, шунингдек бу тартиббузарликларни бартараф этиш ва олдини олиш учун кўрилган чора-тадбирлар киритилади».