Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан Йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланиши мумкин.

2020 йилнинг 1 январидан бошлаб, миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолашнинг қуйидагиларни назарда тутувчи тартиби жорий этилиши мумкин:

йил бошидан йўл ҳаракати қоидаларини бузган транспорт воситалари ҳайдовчиларига муайян жарима бали бериб борилади;

агар транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун йил мобайнида (1 январдан 31 декабрга қадар) тўплаган жарима балларининг умумий миқдори ўн икки баллга етса ёки ундан ошса, у ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади;

ўн икки ёки ундан юқори жарима бали тўплаган ҳайдовчининг хоҳишига қараб унга қайта имтиҳон топшириш имкони берилади, имтиҳондан муваффақиятли ўтган тақдирда, йил якунига қадар уч жарима балига тенг лимит берилади;

ўн икки ёки ундан ортиқ баллга тенг қоидабузарлик содир этган, шунингдек қайта имтиҳонни топшира олмаган ҳайдовчилар суд томонидан ўрнатилган тартибда йил якунига қадар транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Белгилаб қўйилишича:

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликларини жарима баллари асосида баҳолаш йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги қўшимча чора ҳисобланади;

миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун жарима баллари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ҳисоблаб борилади;

ҳайдовчига нисбатан транспорт воситасида йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарима балларининг қўлланиши, шунингдек, балларнинг умумий миқдори ўн икки ёки ундан ортиқ балга тенг бўлганда ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум этиш уни қонунда назарда тутилган асосий жазодан озод этмайди;

ўн икки жарима бали фақат бир йил (1 январидан 31 декабрига қадар) мобайнида амал қилади ҳамда кейинги йил учун ҳисобланмайди;