Ўзбекистон | 08:21 / 18.05.2019
7736
3 дақиқада ўқилади

Бухорода араб тилига ихтисослаштирилган мактаб ташкил этиш режалаштирилмоқда

Фото: Shutterstock

Бухоро шаҳрида араб тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Халқ таълими вазирлиги “Бухоро шаҳрида Араб тилига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабини ташкил этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Мазкур мактаб жаҳон миқёсида араб тилининг мавқеи ўсиб бораётганлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тилларидан бири эканлигини инобатга олинган ҳолда, ёшларни араб тилини пухта ўзлаштиришга қизиқишини кучайтириш ва келажакда малакали арабшунос кадрларни тайёрлаш, Ўзбекистон Республикаси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида дўстлик ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш учун ташкил қилинмоқда.

Қарор лойиҳасига кўра, мактабда давлат таълим стандартлари асосида замонавий ахборот ва педагогик технологиялардан кенг фойдаланган ҳолда араб тилини чуқур ўқитилиши ташкил этилади.

Янги таълим муассасаси ўқувчиларда араб тилида мулоқот қилиш кўникмаларини шакллантириш ва уларни фан олимпиадаларида мунтазам иштирок этишларини таъминлайди.

Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабига Бирлашган Араб Амирликларидаги Ал-Наҳаён мактабларининг тажрибасидан келиб чиқиб, араб тили ва адабиёти, маданияти, тарихи каби фанларининг ўқув режаларини юртимиз давлат таълим стандартларини ҳисобга олган ҳолда жорий этиш вазифаси юклатилади.

2020-2021 ўқув йилида ихтисослаштирилган мактабнинг 5-, 6-, 7- ва 8-синфларига ҳамда 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб 5-синфга 30 нафардан ўқувчи танлов асосида қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирига ихтисослаштирилган мактабнинг моддий-техник базасидан, педагог кадрларнинг салоҳияти ҳамда эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда кейинги йилларда ўқувчиларни қабул қилиш квоталарига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини бериш режалаштирилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази билан биргаликда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган мактабга иқтидорли ўқувчиларни саралаб олиш мақсадида она тили, адабиёт ва чет тили фанларидан тест синови ҳамда психологик-педагогик ташхисдан ўтказиш вазифаси юклатилди.

Мавзуга оид