"Буюк Келажак" эксперти Нур Парпиев Ўзбекистонда икки фуқароликни жорий этиш таклифи билан чиқди. Унинг бу ҳақдаги мақоласи ЎзА томонидан эълон қилинди. Қуйида мақола тўлиқ ҳолда келтирилади.

Ўзбекистон ташқарисида жуда кўп ўзбекистонликлар истиқомат қилади. Уларнинг катта қисми хорижда доимий яшайди ва яшаётган давлатининг фуқаролигини олишган.

Ватанимиздаги ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, табиийки, хориждаги ўзбекистонликларнинг ҳам диққат марказида. Ёнларида бошқа давлатнинг паспорти бўлса-да, улар Ўзбекистон паспортини асраб-авайлашади. Улар учун истаган пайтда оиласи ва қариндош уруғлари яшаётган мамлакатга бемалол, ҳеч қандай тақиқсиз бориб-келиши муҳим масала.

Ҳукумат эса хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар туғилиб-ўсган юртига эмин-эркин келиб-кетишлари учун имкониятлар яратяпти.

Жорий йилнинг 17 апрель куни ҳукумат томонидан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш» тартиби тўғрисидаги низом яратилаётгани ана шундай имкониятлардан бири.

Ўзбекистонга бугун янги технологиялар, инвестициялар, ғоялар керак. АҚШ, Голландия, Германия, Австралия ва бошқа илғор давлатлар фуқаролигини олган, ўз бизнесига эга бўлаётган ўзбеклар бугун Ўзбекистонга тўсиқларсиз, қоғозбозликларсиз бориб, ўша ерда ҳам мамлакат ривожи учун далда бўладиган лойиҳаларини амалга оширишлари керак.

Агар Ўзбекистон ҳукумати икки фуқароликка рухсат берса, бошқа давлат фуқаролигини олган кўплаб ўзбекистонликлар мамлакат иқтисодига, ривожига катта ҳисса қўша олади.

Хорижда яшаб, ўша ерда ўзини тиклаб олиб, бизнесини яратган, ўзи ва яқинлари учун тўкин-сочин ҳаёт ва осуда шароит яратиб, бир неча юз одамни иш билан таъминлаган ватандошлар оз эмас.

Шундай бўлса ҳам, уларнинг ўй-хаёллари ватанда. Улар Ўзбекистонда ҳам ўз бизнесларини очишни, инсонларга фаровонлик келтиришни ўйлаб яшашади. Бунинг учун эса шунга яраша қонунлар ва қарорлар қабул қилиниши айни муддао.

Икки фуқаролик – бугун хорижда яшаётган жуда кўп ўзбекистонликлар учун долзарб мавзу.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача АҚШнинг “Green card” дастури ғолиби сифатида бу мамлакатга 100 мингдан зиёд ўзбекистонликлар кириб келган.