15:47 / 23.05.2019
12627

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Китоб тумани болалар шифохонасидаги ҳолатга ойдинлик киритди

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қашқадарё вилояти Китоб туманидаги болалар шифохонасидаги ҳолат бўйича ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар юзасидан мавжуд вазиятни ўрганди.

Интернетда тарқалган хабарда болалар шифохонасида жой етишмаслиги туфайли бемор болалар санитария талабига жавоб бермайдиган, ҳамширалар кийинадиган хонада ётиб даволанаётгани акс этганди.

«Айни пайтда Китоб туманида болаларга ва аҳолининг барча қатламига замонавий тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида бешта қишлоқ врачлик пункти, еттита қишлоқ оилавий поликлиникаси ва туман кўп тармоқли марказий поликлиника ва шифохона фаолият юритяпти. 130 ўринга мўлжалланган туман болалар шифохонасида йилига саккиз минг нафардан зиёд болага малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Тиббиёт муассасасида малакали кадрлар етарли, дори-дармон ўз вақтида етказиб бериляпти.

Шу билан бирга, барпо этилганига кўп йил бўлган мазкур шифохона биноси анча таъмирталаб аҳволга келиб қолгани сабабли мамлакатимиз Президентининг 2018 йил 3 февралдаги «2018 йилдаги инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳалар рўйхатини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, айни кунларда туман тиббиёт бирлашмаси ҳудудида болалар шифохонаси учун янги бино қурилиши жадал суръатларда олиб бориляпти. Бунинг учун инвестиция дастури доирасида қарийб 4 миллиард сўмга яқин маблағ сарфланиши кўзда тутилган.

«Мазкур бино қурилиши жорий йилнинг тўртинчи чорагида якунланиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Натижада ҳудудда тиббий-ижтимоий инфратузилма янада яхшиланиб, болаларга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати янги босқичга кўтарилади», – дейди Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Дониёр Турсунов.

Top