21 апрель куни Украинадаги президентлик сайловларида ғалаба қозониб, 20 май куни қасамёд қабул қилиб, лавозимга киришган Владимир Зеленский президентлигининг учинчи кунида, 22 май куни қатор тайинловлар амалга оширди, хусусан, ўз администрациясига янги раҳбар ва Украина Қуролли кучлари бош штабига янги бошлиқ тайинлади.

Фармонларда Зеленский президент бўлишидан аввал асосий юлдузи бўлган «Квартал 95» студияси асосчиси, олигарх Игорь Коломойскийга алоқадор юрист ва Иловайск яқинидаги жангларда украиналик ҳарбийларга қўмондонлик қилган генерални учратиш мумкин. Би-би-си Украина ҳукуматидаги илк тайинловлар ҳақида маълумотлар тўплади.

Президент администрацияси раҳбари - Андрей Богдан

Андрей Богдан
Фото: UNIAN

Украина сиёсатида бу лавозимнинг аҳамияти ва даражаси давлат раҳбари кимлигига ва маъмурият раҳбари шахсига қараб доимо ўзгариб турган.

Леонид Кравчук вақтида президент администрацияси раҳбари бўлган Николай Хоменкони администрациядан ташқарида деярли ҳеч ким танимасди. Виктор Балога ҳақида эса шундай ҳазил гап юрарди - «Виктор Юшченко унинг администрациясида президент бўлиб ишлайди».

Катта эҳтимол билан катта сиёсий тажрибага эга бўлмаган Владимир Зеленскийнинг президентлиги даврида президент администрацияси раҳбари лавозимининг аҳамияти салмоқли бўлади - Андрей Богданнинг бу лавозимга тайинланиши янги ҳукумат конфигурациясидаги (қиёфаси) муҳим нуқталардан биридир.

Андрей Богдан - 42 ёшда, у профессионал юрист, адвокат. У Владимир Зеленский билан кўп вақтлардан буён таниш, президент уни яқин ўртоғи деб атайди. Богдан «Украинская правда» учун берган интервьюсида 2014 йил охирида ва 2015 йил бошларида таниқли комик актёрни сиёсатга ўтишга ундаганлардан бири бўлганини айтиб ўтган.

Владимир Зеленский ва Андрей Богдан президент администрациясининг 21 май кунги йиғилишида
Фото: PRESIDENT.GOV.UA

Сайловолди кампанияси даврида Богдан доимо Зеленскийнинг штабида бўлган, у Олимпийский стадионида Петро Порошенко билан ўтказилган дебат вақтида ҳам қўллаб-қувватловчилар гуруҳининг олдинги қаторида эди.

«Бу одам ҳужжат ишини пухта билади - қайси қоғозларни топшириш ва қайсисини топширмасликни», деганди унинг штабдаги роли ҳақида гапира туриб янги президентнинг яқин тарафдори Сергей Шефир.