Куни кеча “Муносабат” телекўрсатувида куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланиши белгиланган ҳукумат қарори бўйича муҳокама ўтказилди.
Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи орган сифатида муҳокамада билдирилган қонунчилик тизими билан боғлиқ бўлган фикрларга изоҳ беришни ўринли деб топди, дейилади вазирлик хабарида.
Қайд этилишича, Адлия вазирлиги барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланишининг тўғри ёки нотўғри эканлигини муҳокама қилиш ниятида эмас, бу масалани профессионал таҳлил қиладиган мутахассислар вазирликда мавжуд эмас. Мазкур соҳа бўйича қонун ҳужжатлари билан ваколат берилган махсус органлар мавжуд.
Кўрсатувда қарорнинг айнан қонунчилик жараёнига жавоб бермаслиги ҳақида депутатлар томонидан мулоҳазалар билдирилди. Хусусан:
1) 2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартириш билан куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёқмаганлик учун айрим тоифадаги автомототранспорт воситаларига нисбатан жарима белгилаш назарда тутилган, аммо ҳозирги кунда ушбу моддага асосан барча автомототранспорт воситалари жаримага тортилаётганлиги;
2) қарорнинг қачондан кучга кириши кўрсатилмаганлиги;
3) қонун ҳужжатлари тадбиркорларга қўшимча мажбурият ёки талаблар юкласа, улар уч ойдан кейин кучга кириши лозимлиги ҳақидаги талабнинг бузилганлиги;
4) ҳуқуқий экспертиза масаласи.
Ушбу мулоҳазалар юзасидан қуйидагиларни маълум қилинди:
1. Маъмурий жавобгарлик кодексига киритилган ўзгартиришлар ҳақида
2016 йилда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришлар билан сутканинг қоронғи даврида ёки кўриш чекланган шароитларда ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сўзлари ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш сўзларига алмаштирилган. Бунда жарима миқдори, яъни энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдори ўзгармаган.
Биринчидан, киритилган мазкур ўзгариш бланкет норма (давлат органлари, мансабдор шахсларга хатти-ҳаракатлар, тақиқлар ва бошқаларни мустақил равишда белгилаш ҳуқуқини берувчи ҳуқуқий норма) ҳисобланади.
Таъкидлаш лозимки, қонунчилик амалиёти ва қонунчилик техникаси нуқтаи назаридан бланкет нормаларни қўллаш нормал ҳолат бўлиб, одатда бузилиши учун жавобгарлик белгиланаётган моддада барча қоидаларни санаб ўтишнинг имкони бўлмаган ҳолларда ишлатилади.








