Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерациясининг таълим тизимлари ҳамкорлиги доирасида Мифтахетдин Акмулла номидаги Бошқирд давлат педагогика университети ректори Сагитов Салават Талгатович раҳбарлигидаги делегация Қўқон давлат педагогика институтига ташриф буюрди.

Ташриф доирасида икки олий таълим муассасалари ўртасида имзоланган Меморандумга асосан қўшма таълим дастури асосида ташкил этилаётган Рус тили ва адабиёти ҳамда Дефектология (Логопедия) таълим йўналишлари бўйича истиқболли режалар, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишлари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви муҳокама этилиб, шартнома ва қўшимча келишув Дастурлари имзоланди. Музокаралар давомида Бошқирд давлат педагогика университети Бошқирд филологияси факультети талабалари учун “Ўзбек тили ва адабиёти” фанини ўқитишни йўлга қўйиш, 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Бошқирд давлат педагогика университетида Қўқон давлат педагогика институти билан ҳамкорликда қўшма факультетни ташкил этиш муҳокама этилди.

Шундан сўнг делегация аъзолари институтда профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларнинг илмий-тадқиқот фаолияти юритишлари, тажриба орттиришлари ва таълим олишлари учун яратилган шарт-шароитлар билан танишдилар ҳамда Қўқон давлат педагогика институтида қўшма таълим дастури доирасида ташкил этилган тайёрлов курси тингловчилари билан суҳбатлашдилар.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, Қўқон давлат педагогика институти ва Бошқирд давлат педагогика университети ўртасида 2018 йилда имзоланган Меморандумга асосан қўшма таълим дастури асосида ташкил этилаётган Рус тили ва адабиёти ҳамда Дефектология (Логопедия) таълим йўналишларига 2019-2020 ўқув йилидан абитуриентлар ҳужжат топширишлари мумкин. Ҳозирги кунда ушбу таълим йўналишлари бўйича тайёрлов курслари фаолият олиб бормоқда.

Жорий йилнинг 21 май кунидан бошлаб бир ҳафта давомида талаба алмашинуви дастури доирасида Қирғизистон Республикаси Қирғиз-ўзбек университети Мактабгача таълим кафедраси мудири Қодирова Мақаддам Сайрамовна бошчилигида Тарих-филология факультетининг 10 нафар талабалари Қўқон давлат педагогика институтида ўқув машғулотларида иштирок этаётганлиги ҳам соҳада олиб борилаётган ишларнинг узвий давомидир.