Куннинг ёруғ вақтида автомоторанспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларни ёқиб ҳаракатланиши натижасида охирги 1,5 ойда йўл-транспорт ҳодисалари 18,2 фоизга камайган. Бу ҳақида Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгаришларга бағишлаб ўтказилган брифингда маълумот берди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур тартиб жорий этилганидан буён 1,5 ойдан зиёд вақт ўтган бўлса, шу муддат ичида йўл-транспорт ҳодисалари 18,2 фоизга (199та), ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар 16,7 фоизга (45 нафар) ва тан жароҳати олганлар сони 23 фоизга (241 нафар) камайган.

Акрамхон Бобохонов мазкур янги йўл ҳаракати қоидасининг жаҳон тажрибасидан ўтгани ҳақида маълумот берди.

Акрамхон Бобохонов
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Чет эл тажрибасига кўра, куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш қарама-қарши томондан келаётган машинанинг ёки пиёданинг диққатини тортиб, огоҳлантиради ва йўл-транспорт ҳодисаси юз бериш эҳтимолини камайтиради. Кундузги вақтда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоизи эса айнан қарама-қарши томондан келаётган автомобил ёки пиёдани пайқамаслик натижасида рўй бермоқда.

Мазкур тартиб хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган. Хусусан, у 65та Европа давлатининг 25тасида барча автотранспорт воситалари учун мажбурий, 15тасида фақатгина мототранспортлар учун белгиланган, 3тасида мавсумий характерга эга бўлса, 4тасида тавсиявий асосда жорий этилган.

Ҳаво ҳарорати 35-50 даражага етадиган БАА ва Малайзияда ҳам транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби мавжуд. Иқлим шароити бизники билан деярли бир хил бўлган қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларида ҳам худди шундай тартиб амалда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу тартиб киритилгач ЙТҲ кўрсаткичи Қирғизистонда 21 фоизга, Қозоғистонда 11,12 фоизга камайган», ─ дейди вазир ўринбосари.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги