08:48 / 06.06.2019
7389

АҚШда шифокор 25 беморнинг ўлимида айбланди

Фото: pixabay.com

АҚШда интенсив даволаниш бўлими шифокори 25 беморни ўлдириш айблови билан ҳибсга олинди. У беморлар организмига оғриқсизлантирувчи воситанинг ҳаддан зиёд катта дозаларини киритган. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди. 

43 ёшли Уильям Хьюзел ўзини айбдор деб тан олмаган ва судья унинг судгача озодликка чиқарилиши учун миллион доллар гаров пули белгилаган.

Терговнинг кўрсатишича, ўлганлардан кўпчилиги мустақил нафас ололмаган ва паллиатив ёрдам олган. Бироқ баъзи беморларнинг аҳволини яхшилаш мумкин бўлган. Ўлимлар 2015 йилдан 2018 йилгача оралиқда қайд қилинган.

Хьюзел 2018 йил декабрида 5 йил давомида ишлаган Маунт-Кармел шифохонасидан бўшатилган ва тиббий лицензиядан маҳрум этилган.

Шифокор адвокатининг айтишича, унинг мижозида ҳеч кимни ўлдириш истаги бўлмаган ва у “раҳмдиллик” нуқтаи назаридан ҳаракат қилган.

Шифокор ва шифохонага қарши 20 дан кўпроқ суд аризалари топширилган. Шифохона ушбу ҳолатлар учун узр сўраган ва уларнинг баъзиларини юз минглаб доллар тўлаб ҳал қилган.

Маълум қилинишича, баъзи қотилликлар Хьюзелнинг топшириғига кўра бошқа шифокорлар томонидан амалга оширилган. Бироқ прокуратура Хьюзелнинг топшириқларини бажарган ва унинг шубҳали ҳаракатларига эътибор қаратиши керак бўлган ушбу ходимларга қарши айбловлар билдирмоқчи эмас. Таъкидланишича, ушбу иш бўйича тергов давом этмоқда.

Top