Сарлавҳани сўнгги пайтларда бойларнинг қизига уйланишни орзу қилган “куёвчак”лар билан боғламанг, гап яна ўша учизаклар ва уларга берилаётган “Кобальт”лар ҳақида.
Оддий кунларнинг бирида таҳририят телефони жиринглади. Қўнғироқ қилгувчи гапни узоқдан бошлади. Юртимиздаги ислоҳотларни, президентни мақтади. Айниқса уч нафар фарзанд туғилганда берилаётган совғалар ҳақида алоҳида тўхталди. Қизиғи, шу пайтга қадар уч фарзанд кўрганларга совға беришни мақтаб қўнғироқ бўлмаганди. Акамиз тез орада индаллога ўтди:
– Биз ҳам уч ўғил кўргандик, Шавкат, Миромон ва Мирзиё деб исм ҳам қўйгандик. Лекин шу пайтгача “Кобальт”дан дарак йўқ. Шу масалани ҳал қилиб берсангизлар. Ўзбекистонда қонунга амал қилинадими йўқми?
– Қанақа қонунни назарда тутяпсиз?
– Учта туғилганларга машина бериляпти-ку. Ҳаммага тенг кўз билан қаралиши керак-да!
Бу одамга ниманидир тушунтириш мушкул эди. Фарзандни Аллоҳ бериши, уч фарзанд уч карра неъмат эканлиги, унга чиройли исм қўйиш ота-онанинг вазифаси экани, бунинг учун энди ниманидир тама қилиш ўта уят бўлиши ҳақида минг ваъз ўқима, фойдаси йўқ. Гап битта – бошқаларга берилдими, менга ҳам берилиши керак!
Бир қарашда у ҳақ – уч эгизак (уч ўғил десак тўғрироқ бўлар) туғилса ва уларга юқоридаги исмлар қаторлаштириб қўйилса, “Кобальт” совға қилиш бўйича ёзилмаган (!) қоидага амал қилинмоқда. Демак бу мурожаатда ҳам ғайритабиийлик йўқ, андишасизликка келсак, энди бу алоҳида масала, ҳар кимда бу тушунча ҳар хил.
Келинг, умуман фарзанд туғилса оммага ошкор қилиш ва совға олишнинг яқин тарихига назар ташласак: бир вақтлар Мустақиллик байрами куни туғилган ўғил чақалоқларга Ислом деб исм қўйиш урф бўлди. Ҳокимият ёки маҳалла баҳоли қудрат совға (одатда битта гилам ёки сервис) олиб киришди ва бу ҳолат бўйича телевидениега лавҳалар тайёрланди. Шундан кейин Ислом исмли болалар кўпайиб кетди, мавзу бир хил ва сийқаси чиққани учун бу “тадбир” эътибордан қолди.
Кейинчалик ҳатто уч ёки тўрт фарзанд туғилганда муайян совға бериш амалиёти расман тўхтатилгани ҳақида эълон қилинди ҳам.
Аммо сўнгги икки йилда уч фарзанд кўриш, аниқ исмлар қўйиш ва “Кобальт” илинжи шу қадар урчидики одамлар бундай хабарларни очиқдан-очиқ истеҳзо билан кутиб ола бошладилар, боқимандалик, лаганбардорлик ва тамагирлик қоришмаси деб баҳоладилар. Бунга асос бор эди албатта, чунки ўғиллар қолиб, ҳатто уч қиз чақалоқларга шу исмларни қўйиб юбориб, машина сўраган ота ҳақидаги хабарлар ҳам тарқалди. Айрим манбаларда ҳатто қандай қилиб бирданига уч нафар чақалоқ туғиш мумкинлиги ҳақида мутлақо жиддий қўлланмалар ҳам эълон қилинди.

















