Кардиологлар орасида шундай ҳазил бор: «Инфарктнинг биринчи белгиси кўп ҳолларда инфарктнинг ўзидир». Лекин бахтимизга бу мутлақо нотўғри. Аслида организм бизга катта муаммоларни олдини олиш учун кичик кўрсатмалар беради. Муҳими уларни пайқай олишдир. Қулоқдаги майда ажин, зўрға сезилувчи оқ нуқталар ёки кераксиз эсноқ ноодатий бўлиши ва бир қарашда хавфсиз туюлиши мумкин. Аммо айнан улар касалликни илк босқичларда аниқлаш ва даволашга ўз ҳиссасини қўшади.
1. Тери ўзгаришлари
Қовоқ, ёнбош, тирсак ёки тизза соҳаларидаги майда ёғли доғлар ксантомалар деб аталади ва хавфсиз ҳисобланади. Агар уларнинг миқдори ошиб кетса, танадаги холестерин миқдори ҳам ҳаддан ошгани, қон томирлари уларни ўзида ушлаб сиғдира ололмай, ортиқчалик қилганларини тери остига чиқаришни бошлаганидан дарак беради. Бундан келиб чиқадики, томирларнинг ўзи зудлик билан ёрдамга муҳтож: катта эҳтимол билан улар аллақачон юрак билан боғлиқ катта муаммолар келтириб чиқарувчи атеросклероз билан касалланган бўлиши мумкин.
2. Фаол жисмоний машқ пайтида эснаш
Танамиз терлаганда унинг ҳарорати тери устки қаватидаги намликнинг буғланиши ҳисобига совийди. Шунингдек, совишнинг бошқа йўллари ҳам мавжуд: эсноқ, унинг давомийлигида тана кислородга тўйинади ва бошдаги ҳарорат тушади. Терморегуляциянинг табиий механизмлари ўз вазифасини бажаришда нуқсонларга дуч келса, биз спорт билан шуғулланиш пайтида ҳам эснашимиз мумкин. Нуқсонларнинг сабаблари турлича ва улардан бири яширин юрак касалланишидир.
3. Оғиз бўшлиғининг нохуш ҳиди
Милк яллиғланиши ёки пародонтоз оғиздан нохуш ҳид келишига ва ҳаттоки тиш тўкилишига олиб келиши мумкин. Америкалик олимларнинг янги тадқиқотлари милк ва юрак касалликлари ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини таъкидламоқда. Муаммо шундаки, милкларни яллиғлантирган бактериялар юрак-қон томир тизимига тушиши ва у ерда ҳам яллиғланишни кенг ёйиши мумкин. Пародонтоз билан оғриган беморларда юрак касаллигига учраш хавфи 20 фоизга юқори. Шу сабабли стоматологдан қанчалик қўрқманг, унинг қабулига бориш муддатингизни ўтказиб юбормаслигингиз керак.

















