Амир Темур шоҳ кўчаси бўйлаб «Toshkentland» боғидан «Radisson» меҳмонхонасига борадиган йўлдаги ва Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси бўйлаб Паркент кўчасидан Бойқўрғон 2-тор кўчасигача бўлган ҳудуддаги сув қувурлари янгиланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

«Энди бу ерларда дренаж тизимлари ноқулайликни юзага келтирмайди деб умид қиламиз», — дейилади хабарда.

Бундан аввалроқ Тошкент шаҳрида кузатиладиган ёғингарчилик оқибатида ҳудудларда сув тўпланиб қолишининг олдини олиш мақсадида дренаж тизимларини режа асосида янгилаш ва таъмирлаш кўзда тутилгани, 6 июнь куни Амир Темур шоҳ кўчасининг «Toshkentland» боғидан «Radisson» меҳмонхонасигача бўлган қисмидаги дренаж қувурлари янгиланиши режалаштирилгани, шу муносабат билан 6 июнь куни кечки соат 23:00дан 7 июнь тонгги соат 6.00гача бўлган вақт давомида ёпилиши хабар қилинганди.