Ўзбекистоннинг Самарқанд, Наманган ва Урганч аэропортлари бошқаруви «Новапорт» компаниясига ўтиши тўғрисидаги хабарлар пайдо бўлиб, меморандум имзолангани ҳақидаги ахборотлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга ва турли-туман фикрларга сабаб бўлди. Республика Транспорт вазирлиги шу муносабат билан қарашини ҳамда аэропортларнинг нима учун айни компанияга берилишига доир қарашларини маълум қилди.
Транспорт вазирлиги баёнотида айтилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқаро авиациясини ривожлантириш, ҳаво кемалари паркини босқичма-босқич янгилаш, парвозларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш, аэропортлар инфратузилмасини, ҳаводаги ҳаракатни бошқариш тизимини ва малакали мутахассислар тайёрлашни такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Шунга қарамай, мамлакат фуқаро авиациясининг жаҳон авиаташишлар бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш ва ушбу тармоққа инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳанинг тармоқ корхоналари молиявий барқарорлиги ва рентабеллигини таъминлаш имконини берувчи менежментнинг замонавий тизимини жорий этиш масалаларида қатор тизимли камчиликлар сақланиб турибди.
Шу билан бирга, аэропортлар эксплуатацияси ва иш фаолиятини таъминлаш доимий равишда катта миқдордаги инвестициялар киритилишини талаб этади. Аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан йўловчи терминаллари, учиш – қўниш йўлакларини қуриш ва реконструкция қилиш, ёритиш ва сигнал чироқлари қурилмаларини модернизация қилиш, махсус техникаларни харид қилиш, ҳаво кемалари, йўловчилар ва юкларга хизмат кўрсатиш жараёнига замонавий ахборот технологияларини тадбиқ этиш катта сарф-харажатларни талаб этади.
Ҳозирги кунда фуқаро авиацияси бошқарув тизими, шу жумладан ердаги инфратузилмадан фойдаланиш хизмат кўрсатишнинг жаҳон стандартларига жавоб бермаслиги, рейсларга кўрсатилаётган хизматларнинг етарли даражада эмаслиги, асосий ишлаб чиқариш фаолиятидан тушадиган даромадларнинг пастлиги мамлакатимиздаги айрим аэропортларнинг норентабеллигига сабаб бўлмоқда. Бу каби аэропортларнинг иш фаолиятини таъминлаш давлат бюджетидан катта миқдордаги маблағ ажратилишини талаб этмоқда.
Жаҳон Банки экспертлар гуруҳининг фикрича аэропортлар ўтказувчанлик қобилиятининг чекланганлиги ва инфратузилма сарф-харажатларининг юқорилиги парвозлар нархининг қимматлашувига сабаб бўлмоқда, бу эса ўз навбатида хорижий авиаташувчиларнинг Ўзбекистон авиабозорига кириш имкониятларини чекламоқда.
Жумладан, Термиз халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагининг халқаро талабларга мутлақо жавоб бермаслиги хорижий авиакомпанияларнинг мазкур аэропортга парвозларни амалга оширишига тўсиқ бўлмоқда.
Бундан ташқари, бугунги кунда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Андижон халқаро аэропортларининг учиш-қўниш йўлаклари таъмирталаб аҳволда. Шунингдек, Тошкент, Наманган, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Андижон халқаро аэропортлари терминалининг кичиклиги уларнинг ўтказувчанлик қуввати паст кўрсаткичда қолишига сабаб бўляпти.
















