Ўзбекистон Президентининг 2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисидаги қарори билан ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида квота кўрсаткичлари тасдиқланди. Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев телеграмдаги каналида бу борада изоҳ берган.

Хабарингиз бор, узоқ йиллардан буён ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун тест синовларида махсус имтиёз тизими қўлланилар эди.

Унга кўра, ҳарбий тавсияномага эга абитуриентларга 2006-2011 йиллар мобайнида максимал баллнинг 25 фоизи (56,7 балл), 2012-2016 йилларда максимал баллнинг 27 фоизи (61,2 балл), 2017-2018 йилларда ўзи тўплаган баллнинг 50 фоизи миқдорида имтиёз қўлланди. Бунинг натижасида қизлар ёки тавсиянома олмаган абитуриентларнинг ҳуқуқлари ўз-ўзидан чекланар эди.

Ўтган йили сентябрь ойида Бош вазир ўринбосари Азиз Абдухакимов ҳарбий имтиёз масаласи қайта кўриб чиқилишини ваъда қилганди.

Шундан сўнг, 2019 йилги Давлат дастурида ҳарбий тавсияномага эга шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов учун алоҳида квоталар ажратиш тартиби жорий этилиши белгиланди, бу ҳақида махсус қарор лойиҳаси ҳам ишлаб чиқилди, ва ниҳоят расман тасдиқланди ҳам.

Энди нима бўлади?

1) ҳарбий тавсияномага эга абитуриентлар учун алоҳида 5 фоизлик квота белгиланди. Энди тавсияномага эга абитуриентлар энг аввало ўша квота доирасида ўзаро беллашади, ўзгаларга халақит қилмайди. Масалан, Тошкент тиббиёт академиясида 66та ўрин ажратилган, шундан 25таси грант, 41таси контракт (бу умумий рақам, йўналишларга ҳали ажратилмаган).

ТТАга жами 200 нафар ҳарбий тавсиянома олганлар топширди, дейлик. Ана шу 200 нафар абитуриентнинг тўплаган баллари аввал алоҳида ажратиб олинади ва улар орасида энг юқори балл тўплаган дастлабки 25 киши грантга, кейинги 41 нафар киши контрактга киради.