Ўзбекистон | 12:40 / 20.06.2019
104459
2 дақиқада ўқилади

Ниғматулла Йўлдошев янги бош прокурор этиб тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 93-моддасининг 12-бандига мувофиқ Сенат раиси Ниғматулла Тўлқинович Йўлдошев Ўзбекистон Бош прокурори этиб тайинланди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

У бу лавозимда 2018 йил январидан буён ишлаб келган Отабек Муродов ўрнини эгаллади.

Сенатнинг янги раиси парламент юқори палатасининг 21 июнь куни чақириладиган 20-ялпи мажлисида президент тақдимномасига мувофиқ сенаторлар томонидан сайланиши кутилмоқда.

Ниғматулла Йўлдошев 1962 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Тошкент давлат юридик институтини (ҳозирда университет) тамомлаган.

У 1987 йилдан 2011 йилгача прокуратура тизимида турли лавозимларда ишлаган, хусусан, Олмалиқ шаҳри прокуратурасида терговчи (1987-1991), Юнусобод тумани прокуратурасида терговчи (1991-1993), Тошкент шаҳри прокуратурасида катта терговчи (1993-1994), Ўзбекистон Бош прокуратурасида бошқарма прокурори (1995-1999), Бош прокуратура Тергов бошқармасида бўлим бошлиғи (1999-2000),  Бош прокуратураси тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи (2000-2003), Ҳуқуқни мухофаза қилиш органлари ва назорат органларини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси (2003-2006), Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти бошлиғи (2006—2008) ва Бош прокурор ўринбосари (2008-2011) лавозимларида ишлаган.

Ниғматулла Йўлдошев 2011 йилда Ўзбекистон Адлия вазири лавозимига тайинланган ва бу лавозимда 2015 йил январига қадар ишлаган.

У 2015 йил январида президент қарори билан сенатор этиб тайинланган, 2015 йилнинг 22 январида яширин овоз бериш йўли билан Сенат раиси лавозимини эгаллаганди.

2016 йилнинг 2 сентябрида, Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов вафотидан кейин Конституция бўйича Сенат раиси Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажаришга киришиши керак эди, аммо 8 сентябрь куни Ўзбекистон парламентининг қўшма йиғилишида Ниғматулла Йўлдошев давлат бошқарувида етарлича тажрибага эга эмаслиги туфайли бу ваколатини ўз ихтиёри билан ўша вақтда бош вазир бўлган Шавкат Мирзиёевга топширганди.

Мавзуга оид