Ўтган ҳафта сўнгида Грузиядаги сиёсий вазият бирдан кескинлашди. Норозилик портлашининг юз беришига россиялик депутат Сергей Гавриловнинг Грузия парламенти раиси курсисига ўтиргани сабаб бўлди. Лекин россиялик амалдорнинг бу ҳаракати шунчаки бир баҳона бўлгани, халқнинг жунбишга келиши учун сабаб анчадан буён пишиб етилгани борасида тахминлар бор.
Хўш, Грузияда сиёсий кураш даражаси ошишига нималар сабаб бўлди? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.
Кимнинг қўли — Москванинг ёки Иванишвили?
20 июнь куни бир неча минг киши Грузия парламенти биноси олдида тўпланди. Кўпчилик Россияга қарши шиорларни бақириб айтиб, Москвани Грузияни оккупация қилишда айблашди. Лекин йиғилганларнинг талаблари кўпроқ ички сиёсат билан боғлиқ эди.

«Россиялик депутат билан боғлиқ эпизод — шунчаки рамзий лаҳза. Ҳукмрон партияга нисбатан шубҳа-гумонлар ва ҳукуматдан норозилик анчадан буён бор эди. Фақат ҳозирга келиб улар норозилик намойишига дўнди», — деган Би-би-сига интервьюсида грузин сиёсатшуноси Гия Нодиа.
2012 йилдан буён мамлакатда «Грузия орзуси» партияси ҳукмронлик қилади. Бу партия миллиардер Бидзина Иванишвили томонидан тузилган ва унга тегишли ҳисобланади.
Иванишвили ҳеч қандай давлат мансабларини эгалламаган, лекин аксарият уни Грузиядаги таъсир кучи энг катта инсон сифатида билади.
«Россияда мен ўзимнинг энг яхши 20 йилимни ўтказганман», — деган эди кунларнинг бирида Би-би-си рус хизматига интервьюси чоғида бизнесмен.
Иванишвилининг таржимаи ҳоли, унинг Россиядаги бизнеслари ва Москва билан муносабатларни яхшилаш зарурияти борасидаги чақириқлари мухолифатга миллиардерни Грузия манфаатларига зид ўлароқ Россия тарафдори бўлиб чизиқ ўтказишда айблаш учун имкон яратди. Аслида ҳам шундайми?
Иванишвилининг партияси ҳокимият тепасига келганидан буён Тбилиси ва Москва ўртасида бир қатор йўналишлардаги музокаралар конструктив изга тушиб олди.
Икки мамлакат ўртасида мунтазам авиақатновлар, грузин шароби, минерал суви ва мевалари экспорти тикланди.
Россия Грузия фуқаролари учун виза режимини енгиллаштирди. Грузияга эса россиялик туристлар ёпирилиб кела бошлашди.




















