Хитой Халқ Республикасининг Гуанчжоу шаҳридаги Хитой Импорт-экспорт кўргазма мажмуасида “Fruit Expo 2019” Халқаро Мевалар кўргазмаси куни кеча ўз ишини бошлади.

Ушбу кўргазмада Чили, Перу, Эквадор, Буюк Британия, Индонезия, Таиланд, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Вьетнам каби мамлакатлардан 12 минг кв.метр майдонда 200 дан ортиқ экспонатларда дунёнинг сархил мевалари намойиш этилди. Хитойнинг истеъмол бозори улкан, бу давлатнинг ўзида жуда кўп мевалар етиштирилишига қарамай импортга эҳтиёжи жуда катта.

Хитой – Ўзбекистоннинг энг йирик савдо-иқтисодий ва сармоявий шерикларидан бири. Қолаверса Ўзбекистон ва Хитой – ҳар томонлама стратегик шериклар. Ўзаро товар айирбошлаш изчил ўсмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бу йил Хитойга бўлган ташрифлари давомида Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин билан учрашувда товар айирбошлашни янада кенгайтириш ва диверсификация қилиш масалалари муҳокама қилинган, ўзаро савдони оширишда икки томон манфаатдорлиги билдирилган. Шунингдек Ўзбекистон “Бир макон, бир йўл" дастурини кенг кўламда амалга оширилишига амалий ҳисса қўшишга тайёр экани таъкидланган.

Юқори даражадаги бу ташаббуслар юртимиз тадбиркорларига экспортни янада ривожлантиришларига туртки бўлмоқда. Бунга мисол, Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ республикасидаги элчихонасининг амалий кўмаги билан юртимизда тез суратларда ўсиб келаёган “New Way Caravan Gardens” экспорт компанияси асосчиси хам илк бора иштирок этмоқда. Компания стендида асосан Хитой бозорига қизиқ ва талаб ошиб борилаётган махсулотлар, яъни ўзимизнинг гилос, қовун, узум, турли хил қуруқ мевалар ва ёнғоқлар таклиф этилди.

Маълумот учун: Ҳозирги кунга келиб Ўзбекистондан Хитойга экспорти учун икки томонлама келишув фақатгина гилос ва мошга имзоланган. Хитой божхонасининг ички иш жараёнлари якунланиши биланоқ шу ойларда ўзбек қовунига хам рухсат олинади. Қуруқ меваларга баённома имзоланиши талаб этилмайди. Бу борада Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси Хитойнинг Бош Божхона Бошқармаси билан жиддий иш олиб бормоқдалар.