Президент топшириғига асосан Адлия вазирлиги томонидан журналистларга маълумот тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказганлиги учун давлат органларининг жавобгарлиги масаласини қонунчиликка киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев «Медиа-саводхонлик ва fake-news» мавзусидаги семинарда маълум қилди.
Ахборот тарқатиш ҳуқуқи ва масъулияти, ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик масалалари муҳокама қилинган семинарда «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги Президент Қарорида белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Қарорга мувофиқ, Адлия вазирлиги икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисида таклифлар киритиши белгиланган.
«Журналистик фаолиятга тўсқинлик қилиш, нотўғри маълумот бериш ёки маълумот бермаслик юзасидан давлат органларига жавобгарлик белгиланади. Бу жавобгарликнинг тартиби, кўриниши бўйича вазирлик профессионал қатлам, яъни журналист ва блогерлардан таклифлар кутади», ─ дея таъкидлади Худоёр Мелиев.

















