Фарғона вилояти, Қўштепа туманида фаолият юритувчи «Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалигидаги мавжуд муаммолар ҳақида мақолалар эълон қилганимиздан кейин туман ҳокимлиги зарур чораларни кўриб, аҳволни ўнглашга ҳаракат қилади, деган умидда эдик. Аммо...

Келинг, аввало, ҳаммасини бир бошдан қисқача эслаб ўтайлик.

«Олимбой ҳожи» чорвачилик фермер хўжалиги раҳбари Абдуманноб Қосимов 2018 йилда банкдан катта миқдорда кредит олиб, Германиядан 99 бош наслли қорамол харид қилган. Бу қорамоллар Қўштепа туманига етиб келгач, фермер ҳақида телевидение, даврий ва интернет нашрларида хабарлар тарқатилган. Ўша кунлардаги мақтов ва олқишлардан туман раҳбарлари ҳамда соҳа мутасаддилари ҳам бенасиб қолишмаган. Улар мазкур эзгу ишни аллақачон манзилли дастурга киритиб қўйишган эди. Шу боис фермер хўжалигига озуқа етиштириш учун ер майдони ажратилса мақтов устига мақтов ёғилган бўларди. Бироқ бечора фермер негадир ўзи кутган муносабат ва муомалага лойиқ кўрилмади. Гап шундаки, мутасаддилар унга ер майдони ажратиб беришни аввалига пайсалга солишди, охири унинг «овози» шу билан ўчса, ўча қолсин, дегандек, ҳосил олишга ўта нобоп ерни «тортиқ» қилишди. Ўртача бонитети 43 балл бўлган жами 59,8 гектар ерни улар жуда ҳосилдор ва суғоришга қулай, деб мақташдан уялишмади.

Ҳолбуки, ўша ерда аввалги йилларда деҳқончилик қилган «Муаттар замин зийнати» ҳамда «Қўштепа Бувайда ҳамкори» фермер хўжаликлари пахта ва ғалладан кўзланган ҳосилни ололмасдан куйиб адо бўлишган экан. Хусусан, 2017 йилда «Муаттар замин зийнати» фермер хўжалиги «ҳосилдор» ердан 42,7 тонна ўрнига зўрға 11,3 тонна пахта олган. «Қўштепа Бувайда ҳамкори» эса 2018 йилда 28 тонна ўрнига зўр-базўр 9,8 тонна пахта олган холос.

Бундай рақамлар чорвадор фермерга ажратилган ер майдонининг нақадар «ҳосилдор» эканидан далолат бериб турибди. Буни туман мутасаддилари ҳам яхши билишарди. Лекин нимагадир туман ҳокимлиги захирасида бошқа ер майдони мавжуд эмасдек, ўша ерни Абдуманноб Қосимовга «ўтказиш»га ҳаракат қилаверишди. У эса вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг қабулигача борди. Вилоят раҳбари Қўштепа тумани ҳокимига мазкур фермер хўжалигининг мавжуд ғалла майдонини чорвачиликка ўтказиш ҳақида тегишли топшириқ берди. Вилоят ҳокимининг бу топшириғи бажарилганида кейинги машмашалар умуман келиб чиқмасди. Бироқ туман ҳокими И. Новиков ўз билганидан қолмади ва «Хоҳласангиз шу, акс ҳолда ерни ташлаб, қорамолларни олиб кетаверинг» деган маънода аввалги фикрида қатъий туриб олди.