Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўлим жазоси қўлланиши жиноятчилик камайишига олиб келиши ҳақида муҳокамалар авж ола бошлади. «Buyuk kelajak» ХННТ эксперти Бахшилло Хўжаев бу баҳслар юзасидан фикрларини билдирди.

Аслида, ўлим жазосининг бор ёки йўқлиги жиноятчилик даражасига жиддий таъсир кўрсатмайди. Зеро, Чезаре Беккариа айтганидек, «жиноятчилик олдини олишда жазонинг шафқатсизлиги эмас, балки унинг муқаррарлиги кўпроқ аҳамиятга эга». Бу аксиома айни ҳақиқатдир. Қолаверса, ўлим жазоси ҳақида гапирганда унинг нафақат ҳуқуқий томонини, балки ижтимоий, ахлоқий ва психологик жиҳатларини ҳам эътиборга олиш лозим.

Инсон ҳаёти олий қадрият, ўлим жазосини қўлламаслик эса инсонпарварлик белгисидир

Инсонпарварлик ғоялари азалдан халқимизда улкан қадрият сифатида улуғланганини бобокалонимиз Алишер Навоийнинг «Садди Искандарий» достонида келтирилган қуйидаги парчадан билиб олишимиз мумкин: «...ёмонга жазо бериш — гарчи қонун ва сиёсат юзасидан тўғри бўлса ҳам, аммо адолатли ҳукмдорнинг асл йўли — шафқат-мурувватдир. Бир шахс ўлимга қанчалик сазовор бўлса ҳам, унинг ўлимини орқага суриш, бу ҳақда шошмаслик яхши...»

Шундай жиддий асослар бўла туриб нега биз ўлим жазосини қўллаш билан боғлиқ далилларни асоссиз миш-мишлардан қидиришимиз керак? Наҳотки, бизнинг билимсизлигимиз шу даражага етди!?

Бу борада мушоҳада учун рус адабиётшуноси ва таниқли журналист Н.С.Лесковнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтишни лозим деб топдик: «Инсон ҳаёти – ўн саккиз минг оламни яратган холиқнинг улуғ марҳамати намойишидир. Уни муносиб яшаб ўтиш, сермазмун ва самарали умргузаронлик қилиш ҳар бир инсонга, қолаверса, бутун жамият зиммасига улкан масъулият юклайди». Шундай экан, бутун жамият масъул бўлган ишга ижтимоий тармоқларда 2-3 кишининг ўйламай ёзган муҳокамасига қўшилишимиз жоизми?! Ахир, ўлим жазоси жаҳолат билан берилади-ку, жаҳолатни эса жаҳолат билан енгиб бўлмайди.

Ўлим жазоси бекор қилингани цивилизациялашган демократик давлатнинг белгисидир

Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилингани мамлакатимизда умуминсоний тамойиллар устуворлиги ва халқаро андозалар амалга жорий этилганидан дарак беради. Бинобарин, Конституциямизнинг 13-моддасида қайд этилишича, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.