Суд уни уруш жиноятлари ва инсонийликка қарши жиноятлар деб топилган қотиллик ва қийноқларда айбдор деб топди, деб хабар берди Суриянинг SANA давлат агентлиги. Шунингдек, суд Асаднинг кўчар ва кўчмас мулкларини мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Суд маълумотларига кўра, Восим Асадга алоқадор қуролли гуруҳ Жарамана шаҳридаги дўконга ҳужум қилиб, уни талон-торож қилган ва мухолиф қарашлари туфайли эгасини ўғирлаб кетган. Восим Асад, шунингдек, мамлакатнинг бир неча ҳудудида сурияликларни ўғирлаш ва ўлдиришга алоқадор деб топилган.

Восим Асад устидан суд жараёни 24 июнь куни бошланган эди. Унга, хусусан, Башар Асаднинг укаси Моҳир қўмондонлик қилган Сурия армиясининг Тўртинчи дивизиясига алоқадор бўлган қуролли гуруҳларни тузиш ва уларга раҳбарлик қилиш айби қўйилган. Айблов хулосасига кўра, бу бўлинмалар 2011 йилдан буён Шарқий Ғутада, жумладан, Млейҳа ҳудудида олиб борилган ва тинч аҳоли ўлимига сабаб бўлган амалиётларда иштирок этган.

Шу билан бирга, суд далиллар етарли эмаслиги сабабли Восим Асадни контрабанда ва наркотик моддалар савдоси айбловлари бўйича оқлади, деб хабар берди Syria TV. У бошқа эпизодлар бўйича ҳам меҳнат қобилиятини доимий йўқотишга олиб келган тан жароҳати етказгани учун 3 йилга ва фирибгарлик учун 3 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ бу жазолар ўлим ҳукми билан қопланган.

Восим Асад 2025 йил 21 июнь куни Сурия-Ливан чегарасида ҳибсга олинган эди.

Бир ҳафта аввал, 2026 йил 11 августда, айни шу суд Башар Асад, унинг укаси Моҳир ва собиқ режимнинг яна бир неча вакилини қотиллик, қийноқлар, ноқонуний озодликдан маҳрум этиш, уруш жиноятлари ва инсонийликка қарши жиноятларда айблаб, сиртдан ўлим жазосига ҳукм қилган эди. 2024 йил декабрида режим ағдарилгач, Башар Асад Россияга қочиб кетди, у ерда бошпана олди ва сўнгги маълумотларга кўра, ҳозиргача ўша ерда қолмоқда. Моҳир Асад ҳам Россияга қочиб кетгани хабар қилинган эди.