Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Наманган давлат университети таркибида Ўзбекистон-Россия қўшма “Тиббиёт” факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Наманган давлат университети таркибида Россия Федерациясининг Урал давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликдаги Ўзбекистон-Россия қўшма “Тиббиёт” факультетини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланиши мумкин.
Қуйидагилар факультет фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланади:
аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишни сифат жиҳатидан яхшилаш мақсадида юқори малакали тиббиёт кадрлар тайёрлашни таъминлаш;
бўлажак тиббиёт мутахассисларини ўқитишни уларни даволаш амалиётининг аниқ кўникмаларини эгаллаб олиши билан биргаликда таъминлаш;
тиббиёт кадрларида ватанпарвар фуқаро туйғуларини, юксак профессионализм ва маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантирган ҳолда уларни тайёрлаш;
тиббиёт кадрларини тайёрлаш бўйича Ватанимиздаги ва хориждаги илғор тажрибалар асосида олий тиббиёт таълими тизимини такомиллаштириш;
тиббиёт соҳасидаги юқори малакали мутахассисларни халқаро талаблар ва стандартлар даражасида тайёрлаш, таълим жараёнини ташкил қилишнинг замонавий талабларига мос келадиган ўқув ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, бўлғуси тиббиёт мутахассисларининг назарий тайёргарлигини улар ўрганаётган амалий кўникмалар билан чамбарчас боғлаган ҳолда олиб борилишини таъминлаш;
Ҳамкор университет талабалари ва профессор-ўқитувчилари билан интеграциялашган дастурлар асосида ўзаро алмашинувларини йўлга қўйиш;
таълим ва илмий-амалий соҳаларда Ҳамкор университетнинг етакчи олимларини, профессор-ўқитувчиларини факультетнинг таълим ва илмий-тадқиқот жараёнларига мунтазам равишда жалб этиш;
профессор-ўқитувчиларнинг илмий ва педагогик салоҳиятини юксалтиришни Ҳамкор университет базасида илмий стажировка ва малака ошириш механизмлари орқали амалга ошириш;
олий таълимнинг ўзаро манфаатдор йўналишлари бўйича академик мобилликни ва параллел таълим олишни йўлга қўйишга кўмаклашиш;
Ҳамкор университетнинг профессор-ўқитувчиларини илмий раҳбарликларида докторлик диссертация ишларини тайёрлаш.















