Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров Термиз шаҳрида «Дамас» автомошиналари йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангани ҳақидаги мақола юзасидан муносабат билдирди.

«Ижтимоий тармоқларда, жумладан, Kun.uz сайтида «Дамас» русумли автомашиналарга Термиз шаҳри ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланиш тақиқлангани ва унинг оқибатида 700дан ортиқ ушбу фаолият тури билан шуғулланаётган ҳайдовчилар ва ушбу хизматлардан фойдаланиб келаётган кўплаб аҳоли вакилларининг норозиликлари акс этган маълумотлар тарқалмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2724 сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган Термиз шаҳар ҳокимининг қарори билан 2019 йил 1 июндан бошлаб Термиз шаҳрида фаолият юритаётган «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддати тугаши эътироф этилиб, уларни шаҳар атрофида хизмат кўрсатишга ўтказиш ҳамда ҳаракатдан тўхтатиш ҳисобига янги йўналишларни ташкил этиш, ноқонуний фаолият билан шуғулланаётган «Дамас» йўналишли таксиларига нисбатан муросасиз бўлиш, жавобгарлик масаласини ҳал этиш вазифалари белгиланибди. 

Бироқ, биринчидан, ижросини таъминлаш назарда тутилган юқорида таъкидланган Президент қарорида «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш ҳақидаги бирор жумланинг ўзи йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги ПҚ-2724 сонли қарори билан тўлиқ танишмаган аҳолида, «Дамас» йўналишли таксиларига берилган лицензиянинг амал қилиш муддатини тугатиш ва уларга шаҳар ичида йўловчи ташиш хизмати билан шуғулланишни тақиқлаш гўёки, «Президент қарори билан амалга оширилаётган экан», деган нотўғри хулоса пайдо қилади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу ПҚ-2724 сонли қарори битта шаҳардаги 700га яқин кишини ишсиз қолдириш учун эмас, балки, айнан мамлакат шаҳар ва қишлоқларида аҳоли бандлиги муаммоларини ҳал этишда автотранспорт хизматлари кўрсатишнинг ролини кучайтириш мақсадида қабул қилинганини ҳам унутмаслигимиз керак. 

Иккинчидан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш тартиб-таомилини мураккаблаштиришни ва тадбиркорлик субъектларига янги мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек тадбиркорлик субъектлари жавобгарлигининг янги чораларини белгиловчи норматив ҳужжатда унинг (ёки унинг бир қисмининг) кучга кириши муддати кўрсатилган бўлиши керак. Бунда норматив ҳужжатнинг кучга кириши муддати у расмий эълон қилинган кундан бошлаб уч ойдан кам бўлмаслиги керак.