Жамият | 17:30 / 04.07.2019
13998
4 дақиқада ўқилади

Термиз шаҳри ҳокимлиги: «Дамас»лар учун янги йўналишлар ташкил этилиб, ҳайдовчиларнинг иш билан бандлиги таъминланди

Термиз шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Термиз шаҳрида «Дамас» ҳайдовчилари ишсиз қолиб кетгани» ҳақидаги постлар ва фикрлар юзасидан расмий муносабат билдирди. 

«Сўнгги йилларда Термиз шаҳрида транспорт соҳасини ривожлантириш, йўловчиларнинг юқори даражадаги хавфсизлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтказилган таҳлил натижаларига кўра шаҳар ҳудудида ҳаракатланувчи транспорт воситалари аҳолига ноқулайликлар ҳам келтирмоқда.

Биринчидан, шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи «Дамас» йўналишли таксиларнинг тартибсиз қатнови натижасида 2018 йил давомида 32та,  2019 йилнинг 4 ойи давомида 11та транспорт ҳодисаси содир этилиб, жами 17 киши турли даражадаги тан жароҳати олган.   

Иккинчидан, шаҳар ичидаги йўналишларда фаолият юритувчи «Дамас»ларнинг аксарияти ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланаётгани аниқланган. 

Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги «Аҳолига транспорт хизматини кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2724-сонли қарори ижросини таъминлаш, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 4 ноябрдаги 482-сон қарори билан тасдиқланган «Автомобил транспортида йўловчилар ва багажни ташиш қоидалари»га асосан ҳамда Термиз шаҳар адлия бўлимининг 2019 йил 11 июндаги 5/4-сонли хулосасини инобатга олиб шаҳар ҳокими қарори қабул қилинган. 

Асосий масала йўналишли «Дамас» ҳайдовчиларининг доимий бандлигини таъминлаш мақсадида, Термиз шаҳрига шаҳар атрофидан кириб келаётган таксилар («Дамас») учун янги йўналишлар тегишли тартибда ташкил қилиниб, барча «Дамас» ҳайдовчиларининг иш билан бандлиги таъминланган.  

Жумладан, 
1. Термиз автошоҳбекати - Истиқлол майдони (ҳайвонот боғи орқали) 2-йўналишли «Дамас»лар учун; 
2. Ал Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи – Мангузар гузари (Темир йўл вокзали ва шимолий шоҳбекат орқали) 305-сонли йўналишли «Дамас»лар учун; 
3. Термиз туман «Қаҳрамон» маҳалласи – Шимолий автошоҳбекат (Темир йўл вокзали орқали) 7-йўналишли «Дамас»лар учун;
4. Истиқлол майдони – Шимолий автошоҳбекат (вилоят газ таъминоти филиали, қурилиш материаллари бозори, сузиш ҳавзаси орқали) 9-12 йўналишли «Дамас»лар учун; 
5. Истиқлол майдони – Термиз маҳалласи (қурилиш материаллари бозори, сузиш ҳавзаси, шимолий автошоҳбекат орқали) 8-йўналишли «Дамас»лар учун. 

Шунингдек, автобуслар ҳаракатланишига ноқулай бўлган ҳудудларда янги йўналишлар ташкил этилиб, қўшимча иш ўринларни яратиш ҳамда аҳолига қулайлик яратиш мақсадида 10та шаҳар атрофи йўналишлари икки томонлама ташкил этилди», дейилади ҳокимлик изоҳида.

Бундан аввалроқ, Термизда «Дамас»лар йўловчи ташиш йўналишидан олиб ташлангач, ҳайдовчилар шаҳар ҳокимлиги биноси олдида тўпланиб, ўз норозилигини билдиришгани тўғрисида хабар қилинганди.

Кейинроқ  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатлари Абдурашид Абдуқодиров ва Исломжон Зокиров ушбу ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Мавзуга оид