Ўзбекистон | 17:27 / 09.07.2019
32407
2 дақиқада ўқилади

Таълим инспекцияси ёшларнинг Қирғизистон ва Тожикистон олий таълим масканларини танлаётганига ўз эътирозини билдирди 

Ўзбекистонлик олий таълимни олишни хоҳлаётган ёшларнинг аксарияти Қирғизистон ва Тожикистон олий ўқув юртларини танламоқда. Улардаги олий таълимнинг арзонлиги, таълим сифатсизлигига эътибор қаратмасликка омил бўлмоқда. Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев Kun.uz мухбирига шуни маълум қилди. 

«Менинг катта эътирозим ёшларнинг олий таълим олиш учун Тожикистон ва Қирғизистонга бориши. У ердаги олий таълим нархи жудаям кам, айрим маълумотларга кўра, 300-400 доллар тўлашади. Сифат ҳам шунга яраша. Улар битириб, бизга нострификация бўйича аризаларни топширади. Бироқ кўплари ўзлари таҳсил олган олий ўқув юртининг қаердалигини билмайди. 

Бу борада муаммо жуда кўп. Ўша республикаларнинг олий ўқув юртларидан келиб, кўнгиллиларни жалб қилган ҳолда, ўзларининг ОТМларини абитуриентлар орасида тарғиб қилмоқда. Мен ўйлайманки, бизнинг меҳнат бозорини яхши билимли кадрлар эгаллаши керак. Юқорида айтилганидек, жаҳон рейтингларидаги юқори мингталикка кирган олий ўқув юртларининг дипломларини тан олишда муаммо йўқ. 

Лекин, бугунги кунда давлат реестрида мавжуд бўлмаган ёки рейтинги жуда паст бўлган олий ўқув юртларининг дипломлари нострификация қилиниши учун тест ва махсус экспертлар гуруҳининг суҳбатини ташкил этяпмиз. Шу боисдан, ҳозирда янги қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. У қабул қилинса, нострификация жараёни янада соддалашади ва фақат тест топшириш билан дипломни нострификациядан ўтказиш мумкин бўлади», - деди Тошкенбоев. 

Мавзуга оид