9 июль куни Францияда Ўзбекистоннинг биринчи президенти қизи Гулнора Каримовага тегишли мулкларни мусодара қилиш тўғрисидаги ҳукм кучга кирди. RFI радиоси хабарига кўра, Гулнора Каримовага тегишли учта кўчмас мулк (Париждаги квартира, Сен-Тропедаги вилла ва Париж яқинидаги қаср) сотувидан тушган пуллар Ўзбекистон бюджетига қайтарилиши керак.

Француз терговчилари Гулнора Каримовага тегишли учта объект Société civile immobilière (SCI) — «кўчмас мулкни бошқарувчи компания» номига расмийлаштирилган бўлгани, бу уй-жойлар хориж компаниялари Ўзбекистон телекоммуникация бозорига кириши учун олинган «коррупция пуллари» эвазига харид қилинганини аниқлаган. Пуллар Швеция, Россия ва Нидерландияда рўйхатдан ўтган фирмалардан олинган.

Суд терговчиси Серж Турнер ҳамда Франция миллий молия прокуратурасининг прокурори Николя Байетонинг маълумотларига кўра, «қора пуллар ўнлаб мамлакатларда» жойлаштирилган. Шу туфайли кўплаб мамлакатларга хизмат сафарлари уюштиришга тўғри келган.

Прокурорнинг айтишича, Ўзбекистон томонининг Каримованинг Франциядаги мулклари бўйича қарори шу йили қабул қилинган. Қайд этилишича, музокаралар учун 18 ой вақт кетган. У ва Серж Турнернинг шу йил январида Тошкентга амалга оширган сафари ҳал қилувчи сафар бўлган. Бу сафар вақтида пулни қайтаришнинг юридик йўллари муҳокама қилинган.

«Ўзбекистонда қабул қилинган суд ҳукмлари Францияда тан олиниши йўлини (нисбатан мураккаб) ҳам танлаш мумкин эди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати Францияда ўзини жабрланувчи сифатида тақдим этишга розилик бериши ва фуқаровий даъвогар бўлиши енгилроқ йўл эди. Ўзбекистон ҳукумати айнан шу йўлни танлади», дейди музокараларда Ўзбекистон манфаатини ҳимоя қилган адвокат Стефан Секкальди.

26 июнь куни «айбни тан олиш борасидаги келишув» расмийлаштирилган, 9 июль куни эса мазкур жараёнга оид апелляция муддати чиқди. Эндиликда ушбу учта кўчмас мулк объектлари расман мусодара қилинган ҳисобланади.

Секкальдининг сўзларига кўра, «мусодара қилинган мулклар (Францияда) бошқа давлатга товон сифатида берилмайди, Ўзбекистон фақат уларнинг сотувидан тушган пулни олиши мумкин».

Бундай савдолар AGRASC (Франциянинг олиб қўйилган ва мусодара қилинган активларни қайтариш билан шуғулланувчи агентлиги) назорати остида амалга оширилади. 

Маълум бўлишича, Париждаги квартира жорий йилнинг баҳорида кимошди савдолари орқали 14 миллион еврога сотиб юборилган. Бундан ташқари 2 миллион евро тергов учун сарфланган харажатлар компенсацияси учун олиб қолинади.

ОАВ маълумотига кўра, Гулнора Каримова Париждаги квартирани 31 миллион еврога, виллани 2,4 миллион еврога, Версал яқинидаги де Груссе қасрини эса 28 миллион еврога сотиб олганди.