Ўзбекистоннинг Рига шаҳридаги (Латвия) элчихонаси таълим муассасасини тугатганлик тўғрисидаги ҳужжатларни қалбакилиги тўғрисида гумон қилинган Ўзбекистон фуқароларининг Финляндиядан депортация қилинганлиги тўғрисида қатор ОАВларда тарқалган хабарларни тасдиқлади.

Айни пайтда элчихона вазиятни назоратга олган ҳамда батафсил маълумот олиш учун Финляндиянинг расмий вакиллари билан алоқа ўрнатган, дейилади ТИВ хабарида.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти Латвия, Литва, Эстония, Финляндия ва Норвегия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари зарур вазиятларда мамлакатнинг Рига шаҳридаги элчихонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатган: +371 67-32-24-24, +371 67-32-23-46.

Бундан олдин, Финляндия миграция хизмати мамлакатдан Ўзбекистоннинг 140 фуқаросини чиқариб юбориш ҳақида қарор қабул қилгани хабар берилганди.

Финляндиянинг Yle телекомпанияси хабар беришича, бунга ўзбекистонликлар Европада ишга жойлашишда қўллаган қурилиш техникумининг сохта дипломлари сабаб бўлди. Таъкидланишича, қурилиш техникуми собиқ иттифоқ давридаёқ ёпилиб кетган бўлган.