Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун 10 йил муддатга, вояга етмаганлар учун 5 йил муддатга хорижга чиқиш биометрик паспортлар расмийлаштирилиши йўлга қўйилган. Жумладан, жорий йилнинг ўтган олти ойи мобайнида янги паспортлар вилоятнинг 62 мингдан зиёд фуқароларига тақдим этилди.

Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида ҳам хорижга чиқиш паспортлари расмийлаштириш учун мўлжалланган олтита ускуна ўрнатилиб, Самарқанд вилояти фуқаролари учун хизмат кўрсатилиб келинаётган эди. Уларда бир кунлик ўтказиш қуввати 1100 фуқарони ташкил этмоқда эди.

Сўнгги вақтларда, хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириш учун кўплаб фуқаролар мурожаат қилганлиги оқибатида, вилоят М ва ФРБда ва унинг 4 та ҳудудий бўлинмаларида кунлик навбатлар кўпайиб, фуқароларнинг ортиқча вақтлари сарфланишига олиб келаётганлиги кузатилди.

Шу муносабат билан, ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Тергов департаменти раҳбариятининг ташаббуси билан яна 2 та қўшимча хорижга чиқиш паспорти расмийлаштириш учун мўлжалланган ускуналар олиб келиниб, вилоятнинг Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманлари ИИБ М ва ФРБларига ўрнатилди.

Эндиликда Пайариқ тумани ИИБ М ва ФРБда ускуна, Пайариқ, Иштихон, Қўшработ ва Оқдарё туманлари аҳолиси учун;

Самарқанд тумани ИИБ М ва ФРБда ўрнатилган ускуна Самарқанд ва Нуробод туманлари аҳолиси учун;

Каттақўрғон шаҳри ИИБ М ва ФРБда ўрнатилган ускуна Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нарпай ва Пахтачи туманлари аҳолиси учун:

Тойлоқ тумани ИИБ М ва ФРБда ўрнатилган ускуна Тойлоқ, Жомбой ва Булунғур туманлари аҳолиси учун:

Ургут тумани ИИБ М ва ФРБда ўрнатилган ускуна тумани аҳолиси учун;

Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ М ва ФРБда ўрнатилган ускуналар шаҳар аҳолиси, шунингдек, Паст Дарғом ва Нуробод туманлари аҳолиси учун хизмат кўрсатиши белгиланди.

Бундан ташкари тез кунларда вилоятнинг бошқа олис туманларида ҳам хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштиришга мўлжалланган ускуналар ўрнатилиши режалаштирилмоқда.

Вилоят М ва ФРБ бошлиғи Д.Норчаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида ҳафтанинг етти кунида ҳам (шанба ва якшанба кунлари ҳам) эрталаб соат 08:00 дан кеч соат 21:00 га қадар ИИБ М ва ФРБ ҳамда унинг қуйи тизимларида биометрик паспорт ва хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш ҳамда улар учун суратга тушиш учун хизмат кўрсатилмоқда.