Ўзбекистонда саратонга хос ҳақиқий жазирама ҳукм сурмоқда. Ҳар йили айнан мана шундай кунларда энг иссиқ йил бўлгани, синоптиклар асл ҳароратни яшираётгани каби миш-мишлар урчийверади. Аммо дунё статистикаси олиб қаралса, Ўзбекистон шаҳарлари иссиқ ўлкалар ўнлиги тугул элликталигига ҳам кира олмайди. Эътиборингизга ҳавола этилаётган энг иссиқ шаҳарлар рейтинги бунинг исботидир.
Муҳим жиҳат – энг юқори ҳарорат рейтингини тузишда кўплаб услублардан фойдаланилган. Кимдир йил давомида кечувчи ўртача ҳароратни олса, яна қайсидир тадқиқотчи энг иссиқ пайтларда қайд этилган абсолют рекордларни рўйхатга олган. Кўпчиликни айнан ўша энг юқори ҳарорат қизиқтиришини ҳисобга олиб, аҳоли мунтазам яшайдиган йирик ва энг иссиқ шаҳарлар еттилигини эътиборингизга ҳавола қиламиз*.
Уларда қайд этилган энг юқори ҳарорат ҳатто дунё бўйлаб энг баланд ҳисобланган Ўлим водийсига жуда яқин келиб қолганлигининг ҳам ўзига хос сабаблари бор. Аҳолининг ўта зичлиги, саноат ривожлангани туфайли газли ажратмалар, автомобиллар тирбандлиги каби омиллар юқори ҳароратга сабаб бўлади.
Аввало, умуман, Ўзбекистонда, кейин пойтахт Тошкентдаги мутлақ рекордни бир эслаб олсак ва ана шунга қараб солиштириб кўрсак. Демак, Ўзбекистонда энг юқори ҳарорат Қизилқум чўлида ва Термиз шаҳри яқинида қайд этилган (50°С), Тошкент шаҳрида ёз мавсумининг абсолют максимуми 44.6 даража иссиққа тенг (1997 йил 18 июль).
7. Африка... Жазирама... Қоҳира...
Тўғри, Африка қитъасида абсолют кўрсаткичларда Қоҳирадан ҳам иссиқроқ ҳудудлар бор. Аммо юқорида айтганимиздек, бугун биз йирик шаҳарлар ва улардаги табиат билан бирга инсон омили туфайли юзага келган юқори ҳарорат ҳақида гапирмоқдамиз. Қоҳирада тахминан 20 млн аҳоли бор. Шуларнинг фақат 2 млн нафарга яқинигина Нил дарёсининг шабадасидан баҳра олишади. Қолганлар бу неъматдан маҳрум, ёз ойларида иссиқда қовуриладиган бу шаҳарда ҳарорат 48-49 даражагача чиқиши мумкин.
6. Феникс ва Лас-Вегас. АҚШ
Бу шаҳарда ёз ойларида кечувчи даҳшатли жазирамага қарамай, Феникс АҚШнинг йирик шаҳарларидан бири, ўзига яраша осмонўпар биноларга, ривожланган саноатга эга. Бу шаҳар ёғингарчиликлардан деярли мосуво, қуруқ ва қуёшли иқлимда ҳарорат 49-50 даражага кўтарилиб туради. “Гуноҳлар шаҳри” дея аталувчи, казиноларга бой Лас-Вегас шаҳри ҳам айни шу кўрсаткичлар бўйича Феникс қаторида туради.

















