Бугун, 15 июль куни «Халқаро пресс клуб»нинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида» Фармонига бағишланган бу анжуманда фармонга доир ўзгаришлар тушунтириб берилди, саволларга жавоблар олинди.
Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб иккинчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсиялари энг кам миқдори ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоиздан 75 фоизга оширилиши белгиланган.
Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директори ўринбосари Шуҳрат Давронов шу ва бошқа масалалар юзасидан изоҳ берди.
«Фармонга асосан иккинчи гуруҳ ногиронига пенсияларнинг энг кам миқдори оширилди, яъни энг кам миқдор деганимизда илгари ёшга доир минимал пенсиянинг 50 фоизи иккинчи гуруҳ ногиронининг минимал пенсияси эди. Энди ўша 50 фоизлик минимал миқдор 75 фоизга оширилди», дея пенсия жамғармаси директори ўринбосари сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
«Фармонгача иккинчи гуруҳ ногиронларининг ёшга доир пенсиялари 396 500 сўм бўлгани ҳолда унинг 50 фоизи 198 250 сўм эди. Эндиликда бу 436 150 сўмга кўтарилгани ҳолда, унинг 75 фоизи 327 113 сўмни ташкил этяпти», деб қўшимча қилган бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мутахассиси.
Шунингдек, фармонда 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиялари устама миқдори энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилиши айтилганди. Шу бўйича мутахассис аниқлик киритиб ўтди.
«2-гуруҳ ёлғиз ногирон шахслар пенсия устамаси энг кам иш ҳақининг 50 фоизи эди. Эндиликда айнан ўша устама миқдори 75 фоизга оширилди. Фармонга қадар устама миқдори 111 000 сўм бўлган бўлса, бу энди 165 000 сўмни ташкил этади», деган у.
Шу билан бирга, яна бир ўзгариш ҳақида маълумот берилди.
«Биринчи гуруҳ ногиронлик нафақаси ва биринчи гуруҳ ногиронлик бўйича 16 ёшдан катта болаликдан ногирон фуқароларга биринчи марта қўшимча тўлов жорий этиляпти. Бу тўлов энг кам ойлик иш ҳақининг 25 фоизида бўлади, яъни 55 570 сўм. Бу ҳар ойлик нафақа миқдорларига қўшимча сифатида жорий этилади», деган мутахассис.







