Жамият | 15:02 / 18.07.2019
7914
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда илк бор журналист ва блогерлар ўртасида ҳарбий мусобақа ўтказилди

Жиззах вилоятининг Фориш тоғ полигонига республика нашрларида фаолият юритаётган журналист ва блогерлар таклиф қилинди. Мудофаа вазирлиги ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги ташаббуси билан ўтказилган мусобақага 20 га яқин иштирокчилар тўпланди.

Мусобақа шартларига кўра, журналист ва блогерлар полигонда ўқ отиш машқларини бажариб, мерганлик қобилиятини синовдан ўтказишди. Шу билан бирга, мусобақа иштирокчилари жанговар техникалардаги экипаж таркибида 10 кмга ҳаракатланишди. Ҳарбийларнинг ҳаёт тарзи, ҳарбий техникалар билан танишди.

«Бугунги шароитлар ва мавжуд салоҳиятдан келиб чиқиб бемалол айтиш мумкинки, армиямиздан фахрлансак арзийди. Мудофаа вазирлиги ташаббуси ОАВ вакиллари кўмагида армиямизни халққа ҳар томонлама яқинлаштиришни ният қилганмиз. Айтайлик, илгари ҳеч ким ҳарбий полигонга яқинлашмаган бўлса, ҳозир бу ер истовчилар учун очиқ, келсин кўрсин, ватан ҳимоячиларидан фахрлансин», – дейди Марказий ҳарбий округ қўмондони, полковник Ойбек Саидов.

Отиш тайёргарлигидан энг юқори натижа кўрсатган журналист ва блогерларга қўмондоннинг махсус совғалари, барча иштирокчиларга эса эсдалик совғалар тарқатилди. Маълумот учун, Марказий ҳарбий округ 2017 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг таркибий бўлинмалари Жиззах, Самарқанд ҳамда Навоий вилоятларида жойлашган.

 

 

Мавзуга оид