Фан-техника | 16:39 / 19.07.2019
5609
2 дақиқада ўқилади

АҚШ компанияси ва АКТ вазирлиги ҳузуридаги ДУК янги IT-корхона ташкил этди

Мамлакатда ахборот технологиялари соҳасида дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар базалари ишланмалари билан шуғулланувчиларнинг ривожланиши учун тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, уларга қулай шароитлар яратиш мақсадида янги Information Technology Center МЧЖ қўшма корхонаси ташкил этилди.

Delta Telecom International (АҚШ) (устав капиталининг 51 фоизи) компанияси ва Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги «Ўзбекистон Телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» Давлат унитар корхонаси (устав капиталининг 49 фоизи) қўшма корхонанинг таъсисчилари ҳисобланадилар.

Вазирлик ахборот хизмати хабарига кўра, қўшма корхонанинг асосий фаолият турлари қуйидагилар:

- турли бизнес жараёнларни автоматлаштиришга йўналтирилган дастурий таъминотлар ва иловалар ишланмаларини яратиш;

- турли вазифаларга йўналтирилган маълумотлар базаларини яратиш ва уларга хизмат кўрсатиш;

- турли ахборот тизимлари,маълумотлар базалари, сервер ва бошқа тармоқ қурилмаларига хизмат кўрсатиш бўйича аутсорсинг хизматларини кўрсатиш.

Ташкил этилган қўшма корхона IMEI кодлари бўйича республикада мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимини жорий этиш лойиҳасида иштирок этиш билан ўз фаолиятини бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш тўғрисида»ги ҳукумат қарорига мувофиқ 1 апрелдан Ўзбекистондаги GSM-операторлари тармоқларида фойдаланиладиган барча мобил қурилмаларининг автоматик тарздаги бепул рўйхатга олиниши бошланди. 

Мавзуга оид