Ўзбекистон | 09:03 / 19.07.2019
3323
2 дақиқада ўқилади

Бир йил ичида 60 мингга яқин хориж фуқаросига Ўзбекистонга кириш электрон визаси берилди

2018 йилнинг июлидан бугунги кунга қадар Ўзбекистонга кириш учун хорижий фуқаролардан тушган аризалар сони 60 мингга яқинлашди, уларнинг деярли барчаси ижобий натижа берди (58 761 кишига электрон виза берилган). Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар қилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2006 йил 4 июлдаги 3836-сонли “Ўзбекистон Республикасига хорижий фуқароларнинг кириши тартибини оптималлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида“ги қарорига мувофиқ 2018 йил 15 июлдан бошлаб 96 мамлакат фуқароларига электрон визалар бериш тизими жорий этилди (2019 йил 1 февралгача бўлган даврда 50 та мамлакат фуқароларига эди) ва натижада 2019 йил 15 июлга қадар 60 мингга яқин ариза топширилди. 

Э-визани расмийлаштириш бўйича мурожаатларнинг аксарияти Хитой (22 785), Ҳиндистон (12 372) ва АҚШ (8 682) фуқароларидан келиб тушган. 

2018 йил 15 июлдан 2019 йил 15 июлгача Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Call-марказига электрон виза бўйича қабул қилинган мурожаатларнинг сони 6 806 тани ташкил қилди ҳамда уларга тезкор ёрдам кўрсатилди. 

Электрон визаларни бериш ва шу масала бўйича келиб тушган мурожаатлар механизмини мунтазам равишда таҳлил қилиш асосида Ўзбекистон Республикаси президентининг қарорлари билан электрон виза бериш тартиби такомиллаштирилди, хусусан: 

- жорий йилнинг 28 майидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида бўлиш муддати электрон визалар учун берилган санадан эътиборан 90 кун ичида ва кириш кунидан бошлаб 30 кунга берилади ва амал қилади; 

- 2019 йил 15 мартдан бошлаб икки марталик (2019 йил 15 июль ҳолатига кўра, чиқарилган икки марталик электрон визалар сони – 1 317) ва кўп марталик электрон кўринишдаги визаларни бериш тизими жорий этилди;

- агар электрон визада учта техник типографик хато топилмаса, чет эл фуқаролари мамлакатга киришлари мумкин; 

- Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати Чегара қўшинлари ходимлари мустақил равишда чет эл фуқаросининг электрон визаси борлигини, унинг қоғозда чоп этилган шаклини сўрамасдан текширишлари мумкин. 

Мавзуга оид