Жамият | 14:40 / 21.07.2019
39606
9 дақиқада ўқилади

Риштонда аукционда мулк сотиб олган фуқаро чув тушди(ми?)

Агар сиз бирор буюм харид қилмоқчи бўлсангиз унинг сифати билан бирга ишонарли, тўғри қўлдан олинаётгани ҳам муҳим омил ҳисобланади. Харидор сотиб олишдан аввал «мол» «тоза»лигига амин бўлиши керак. Бироқ давлатдан сотиб олинган мулкдан эртага муаммо чиқишини ким ҳам ўйлайди, дейсиз.

Фарғона вилояти, Риштон туманидан бўлган тадбиркор Сойибжон Бувожонов билан тушунарсиз ҳолат рўй берган. У «E-IJRO AUKSION» Ягона савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали Риштон туманида жойлашган Фарғона вилоят «Ўзагрокимёҳимоя» ХАЖга қарашли ер участкасини сотиб олади. У бу кўчмас мулкни олиб катта ишларни бошлаш ниятида эди. Лекин, қани энди ҳаммаси у ўйлагандек бўлса?

Видео: Youtube

«2018 йил 23 октябрда бу мулкни аукционда 279 миллион сўмга сотиб олгандим. Бу пулни давлат ғазнасига 5 иш кунида тўладим. Сўнг кадастр ҳужжатларини қилдим, гувоҳнома ва ерга қарорларни олдим. Президентимиз таъкидлаганидек иш ўринлари яратмоқчи эдим. Миниб турган Hyundai русумли комбайним бор эди. Пулни ўша комбайнимни сотиб, одамлардан қарз олиб, қийналиб тўладим. Кейин эса «Ўзагрокимёҳимоя»  судга бериб биносини қайтариб олди. Бино 4 марта сотувга қўйилган экан. Мен бешинчи марта қўйилган вақтда сотиб олганман. Биринчи марта онлайн аукционга қўйганида 430 миллион сўмга баҳолашган. Ҳеч ким кириб ўйнамагандан кейин нархи тушиб 280 миллион сўмга олганман. Бинога эса кира олмадим. Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди аукцион ҳужжатларини бекор қилиб юборди. Адвокат ёлладим. Кейин Фарғона вилоят прокуратурасига ариза бердим. Вилоят прокуратураси суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш бўйича протест киритди. Бироқ, вилоят фуқаролик суди буни инобатга олмади.

Ҳозир қаёққа боришни билмасдан сарсонман. Орадан 9 ой вақт ўтиб кетди. 279 миллион сўм пулимга тадбиркорлик қилганимда яхшигина даромад топган бўлар эдим. Шундан бери оиламда ҳам, ўзимда ҳам ҳаловат йўқ. Мен давлатдан жой оляпман, деб ишонгандим. Энди на пулимни, на бинони ололяпман, ўртада сарсонман. Бинони олганимда ўқув марказлари, хусусий мактаблар очмоқчи эдим. Риштонимиз бузилиб кетди. Шу сабабли, қурилиш дўкони ҳам қилмоқчи эдим. Режаларим кўп эди. Лекин, шу бино ва шу аукцион сабаб оёғимга болта урилди», дейди тадбиркор.

Бу масала юзасидан «Ўзагрокимёҳимоя» ташкилоти вакиллари ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Қарз бизнинг туманники бўлмаган, вилоятники бўлган. Туман судидан ҳам, вилоятникидан ҳам ўтдик. Баҳолаш ҳам нотўғри бўлган. Бу ерда кимдир иш қиляпти, ҳеч ким билмайди. Бу кишининг қўлидаги кадастр ҳужжати ҳам нотўғри. Менда ҳам кадастр ҳужжати мавжуд», дейди ташкилот ҳисобчиси Муҳаммадали Қирғизбоев.

Қизиқ ҳолат. Бир жойга иккита кадастр ҳужжати. Бири сотиб олганман дейди, иккинчиси бу жой аввалдан меники дейди. Мурожаатчи нега бу мулк 6 ойлаб аукционда турганида биров миқ этмагани, нега мулк сотиб олиниб ҳаммаси ўтиб бўлганидан сўнг, тортиб олинишини тушунмаяпти.

«Қишлоқхўжаликкимё» ташкилоти ҳисобчиси бу мулк қандай қилиб ижрога, аукционга чиқиб қолгани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди: «Бу иш олдинги раис вақтида бўлган. Бу ҳар йилги ҳолат. Қарздорлик учун мулкка хатлов бўлади. Кейин секин-аста тўлаб борилаверади. Бу ерда кимнингдир манфаати бор. Нега айнан бизни (Риштон «Ўзагрокимёҳимоя»  - таҳр.) аукционга чиқариб юборишяпти. Бу ерда нимадир бор. Айб бу кишида ҳам эмас. Айб МИБда. Бу ерда 60 нафар одам ишлайди. 15 нафар акциядор манфаати бор. 51 фоиз улуш давлатда, қолгани акциядорларда».

Ушбу масала шунчаки икки тарафнинг уруш-жанжали эмас, суд тартибида кўриб чиқилган. Вазиятни тўғри англаб олиш учун биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорига назар ташласак. Унга кўра, мазкур мулк мажбурий ижро бюросининг Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси томонидан 2018 йил 20 февраль куни электрон-онлайн кимошди савдосига чиқарилган ва 2018 йил 23 октябрдаги савдо натижаларига кўра, Сойибжон Бувожонов ғолиб, деб топилган. «Ўзагрокимёҳимоя» ҳудудий акционерлик жамияти эса бу ҳолатдан ноябрь ойига келиб хабар топган. Қизиқ, мулк 20 февралда аукционга қўйилса-ю, бу ҳақида мулк эгаси бўлиб турган жамият ноябрда хабар топса...

Мажбурий ижро бюроси ходими эса судда Фарғона вилоят «Ўзагрокимёҳимоя» ҳудудий акционерлик жамияти зиммасида 7 миллиард 148 миллион 511 минг 337 сўм миқдорида боқимандалик қарзини ундириш мақсадида мулк сотувга чиқарилгани ҳақида айтган. Суд қарорида ижро органи томонидан давлат мулкини тасарруф этиш ташкилотидан рухсат олинмагани кўрсатилган ва бошқа важлар билан аукцион натижалари ҳақиқий эмас, деб топилган.

Муаммога янада аниқлик киритиш мақсадида мажбурий ижро бюросидан изоҳ олдик.

Абдухафиз Саттаров

«Бино иншоотни аукционга чиқаришдан олдинги ҳаракатларга тўхталиб ўтадиган бўлсак, 2018 йил 9 августда буюртма электрон савдоларни ташкил этиш марказига қабул қилингунга қадар Фарғона вилоят «Ўзагрокимёҳимоя» ташкилоти мутасаддилари ушбу бинолар аукционга чиқариш ҳақида огоҳлантирилган. Бу ҳақида ёзма равишда хабарномалар берилган. Олдинги ўтказилган савдоларга жамият томонидан эътироз ёки қарздорликни тўлиқ қоплаш ҳаракатларига нисбатан тегишли шикоятлар бўлмаган. Давлат мулк қўмитасининг тегишли ташкилотларига бу ҳақида хабар берганмиз. Биз судда жамиятнинг қарзи ва аукцион тўғри ташкил этилгани ҳақида асослар келтирдик. Бироқ ўртада солиқ ташкилотининг битта расмий хати сабаб суд қарор чиқармоқда. Биз ҳам солиқнинг бу хати ҳақида изоҳ сўраганмиз, бироқ ҳалигача жавоб олмадик. Бу қарзлар давомий қарздорлик бўлиб, вақт ўтиши билан қопланиб боради», дейди мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари Абдухафиз Саттаров.

Аукционга ишониб мулк сотиб олган шахснинг адвокати Хайрулло Қосимов ушбу масала бўйича фикрлари билан қизиқдик.

Хайрулло Қосимов

«Фуқаролик кодексининг 229-моддасида мол-мулкни инсофли эгалловчидан талаб қилиб олиш тартиби белгиланган. Айнан шу модданинг биринчи қисмида инсофли эгалловчи кимлиги белгиланган. Шу модданинг иккинчи қисмида мол-мулк суд қарорларини ижро этиш тартибида сотилган бўлса, бу мол-мулкни ҳар қандай ҳолатда ҳам инсофли эгалловчидан олиб қўйишга йўл қўйилмайди дейилган. Ҳозирги кунда бу масалага судлар томонидан эътибор қаратиш бошқачароқ бўлмоқда. Буни Сойибжон Буважонов мисолида ҳам айтиш мумкин. У аукционга келган, мулк 4 марта савдога қўйилгани ва сотилмаганини кўрган. Қанақа камчилиги борлигидан хабари йўқ. Билмайди ва билиши ҳам мумкин эмас. Демак, у инсофли эгалловчи. Бу ишдан кўриш мумкин, кодексдаги шу модда ишламаяпти. Амалиётдан кўриб айтсак, бу моддани кодексдан чиқариб юбориш керак. Тадбиркор эртага мол-мулкни йўқотиб қўйишни ўйламай аукциондан мулк сотиб оляпти. Камчилик ким тарафидан ўтса, ўшанга чора кўрилиши керак. Лекин мулк қайтариб олиниши керак эмас. Бу нарса ишончсизликни кучайтиради. Агар Сойибжон Бувожоновдан ҳам сўралса, «давлатдан мулк олма, барибир қайтариб олиб қўяркан» деб айтади. Бу масалада бир неча ташкилотларга, хусусан Конституциявий судга ҳам мурожаат қилганмиз. Шу масалада бир изоҳ берилса мақсадга мувофиқ бўларди», дейди адвокат.

Бир кичик мурожаат деб ўйлаганимиз шунчалик чуқурлашиб кетди. Лекин ҳолат ҳақида оддийгина қилиб шундай дейиш ҳам мумкин: бир фуқаро давлат аукционидан мулк сотиб олди ва давлат уни суд қарори билан яна қайтариб олди.

Суд қарорида бу фуқаронинг пули қайтарилсин деб айтилган. Фуқаро эса пулни қайтариб олиш ниятида эмас.

«Мулкни олган вақтимда комбайн, уйларни сотиб олганман. Энди ҳозир 280 миллион сўмга сотганларимни қайтариб ололмайман. Нарх-наво ўсган», дейди у.

«Ўзагрокимёҳимоя», МИБ, онлайн-аукцион маркази балки ўзича ҳақдир. Лекин билганимиз шуки, бир тадбиркор сарсон бўлмоқда. Унинг давлатга ишончи йўқолган.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид