Жиззах вилоятининг Фориш туманида жойлашган Фориш ҳарбий тоғ полигонида V халқаро армия ўйинларининг ташкиллаштирилишига бағишланган пресс тур бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги бир қатор ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этишди.

Ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азизбек Икромов халқаро армия ўйинлари иштирокчи давлатлар қуроллик кучлари бўлинмалари ва жамоалари ўртасидаги спортнинг ҳарбий-амалий турлари бўйича ўтказиладиган халқаро комплекси мусобақа ҳисобланишини айтиб ўтди.

«ARMY» халқаро ўйинлари 2015 йилда Россия Федерациясига асос солинган. Дастлабки мусобақада 17 та давлатдан 57 та жамоа қатнашган. 2-Халқаро армия ўйинлари 2016 йилда ўтказилган 19 та давлатдан жамоалар қатнашишган. 3-Халқаро ўйинлар «ARMY–2017» 5 та давлат ҳудудида ташкиллаштирилган ва унда 28 та давлатдан 82 та жамоа қатнашган.

Ўтган йилги «ARMY–2018» 4-Халқаро армия ўйинлари 7 та давлат ҳудудида ташкиллаштирилиб, 32 та давлатдан 189 та жамоа қатнашган бўлса, бу йилги «ARMY–2019» ўйинлари 10 давлат ҳудудида бўлиб ўтади. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Унда 85 та давлат иштирок этиши кутилмоқда. 6 мингдан ортиқ иштирокчи 32 комплект медаллар учун кураш олиб боришади.

25 июлдан 19 августга қадар ўтадиган мусобақада Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари 14 та йўналиш: «Қўшин разведкаси аълочиси», «Хавфсиз маршрут», «Эльбурс ҳалқаси», «Йўл патрули», «Содиқ дўст», «Мерганлар марраси», «Қурол устаси», «Мусаффо осмон», «Танк биатлони», «Артиллерия олови устаси», «Дала ошхонаси», «Ҳарбий ралли», «Рембат» бўйича иштирок этади. Шунингдек, «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасига мезбонлик қилмоқда.

Ўзбекистонда ўтадиган «Ҳарбий-тиббий эстафета» ҳарбий врачлар ва тиббий бўлимлар ўртасидаги ўқ отиш, махсус тиббий кўникмаларни (биринчи ёрдам, ярадорни жанг майдонидан олиб чиқиш ва бошқаларни) бажариш бўйича мусобақадир. Мусобақа индивидуал маҳорат ва жамоа биринчилиги каби икки босқичда олиб борилади.

Фориш тоғ полигонида ташкиллаштириладиган 12 та давлат — Арманистон, Ангола, Вьетнам, Зимбабве, Мьянма, Озарбойжон, Тожикистон, Хитой, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирок этади. Венесуэла кузатувчи мақомида қатнашади.