Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилганликда айбланувчи тадбиркор Баҳриддин Исомов айни пайтда Тошкентда суд-психиатрия экспертизасини ўтмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

«Яккабоғ тумани ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Мансур Туймаевнинг ҳаётига суиқасд қилгани ҳолати юзасидан 20 июль куни Баҳриддин Даминович Исомовга нисбатан ЎзР ЖКнинг 25,97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Б.Исомовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминланиб, ҳимоячиси Ш.Ғойиров иштирокида гумон қилинувчи тариқасида сўроқ қилинган. Б.Исомов 21 июль куни ЖПКнинг 221-моддаси тартибда ушланиб, бу ҳақида яқин қариндошларига маълум қилинган ва қариндошлари томонидан олиб келинган кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланган. 

22 июлда Исомовга айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Айбланувчи қариндошлари томонидан таклиф қилинган ҳимоячиси Х.Жабборов билан холи учрашиши учун шароит яратиб берилган.

Шунингдек, айбланувчига нисбатан суд-психиатрия экспертизаси тайинланиб, ЖИБ Яккабоғ тумани судининг 22 июлдаги ажрими билан стационар тартибда суд-психиатрия экспертизаси ўтказиш учун Тошкент шаҳрига юборилган. 

22 июль куни Б.Исомов турмуш ўртоғи Нодира Ҳайдарова ва ўғли Шарофиддин Даминов билан учрашув ташкил қилиб берилган», дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 20 июль куни тадбиркор Баҳриддин Исомов олдиндан огоҳлантирмасдан ва товон пулини тўламасдан кредит маблағлари ҳисобига қурилган икки қаватли дўкон ва цех биносини бузмоқчи бўлган ҳоким ўринбосари устига бензин сепиб, ўт қўйиб юборган эди. 

«Яккабоғ воқеаси»: Қонунларни оёқости қилган масъуллар ҳам жазоланадими?

Шу куниёқ туман прокуратураси томонидан Исомовга нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва у тегишли процессуал тартибда ушланганди.