Бугун, 29 июль куни бутун Ўзбекистон бўйлаб ОТМларга кириш имтиҳонлари бошланди. Биласиз, ҳозир имтиҳонлар олдинги каби бир кунда эмас, 15 кун давомида ўтказилади. Аввал ҳамма ОТМ учун бирор мактаб ёки қандайдир бино ажратилар ва белгиланган олийгоҳга имтиҳон топширганларнинг бари ўша ерга йиғиларди. Бундай ҳолатда қинғирлик қилиш осон эди. Аммо ҳозир тестлар бошқача ўтади.

Абитуриентлар вилоят ёки шаҳар марказидаги бирор бинода тўпланиб, имтиҳон топширишади. Битта бинода бир неча хил олийгоҳга ҳужжат топширган абитуриентлар бир вақтнинг ўзида имтиҳон топширишлари мумкин. Самарқанддаги тестлар олимпия заҳиралари спорт коллежида ўтказилмоқда.

Имтиҳонлар эрталаб ва тушдан сўнг икки сменада ўтказилди. Ташкилотчиларнинг айтишича, бинолардаги абитуриентлар ёшига қараб бўлинган ва бу тест жараёнидаги шаффофликни таъминлаш учун муҳим. Биз куннинг иккинчи ярмида тест жараёнларини кузатиш учун борганимизда, анча абитуриентлар ҳамон имтиҳон топшираётган эди.

Коллеждаги икки йирик залда кўплаб назоратчилар абитуриентларнинг тест ишлаш жараёнини текшириб туришибди. Назоратчилар мактаб, коллеж ва ОТМ ўқитувчиларидан танланган. Залда кондиционерлар ўрнатилган ва тест ишлаш учун барча шароит бор.