Kun.uz сайтида Бухоро шаҳрининг тарихий қисмида замонавий қаҳвахона қурилиши эътирозларга сабаб бўлаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди. Таҳририятга ушбу қаҳвахона ҳақидаги қўшимча маълумотларни тақдим этишди.
Маълум бўлишича, Нодир Девонбеги мадрасаси орқасидаги Меҳтар Анбар ва Баҳоуддин Нақшбанд кўчалари кесишмасида жойлашган дарахтзор майдонда 17 йилдан буён Францияда фаолият юритиб келаётган бухоролик ёш тадбиркор Саиджон Мақсудов қаҳвахона ва туристик ахборот маркази биносини қуришни мўлжалламоқда.
Тадбиркор 2018 йилда Бухоро шаҳар ҳокимига мазкур объект учун ер майдони ажратишни сўраб мурожаат қилган ва ўз лойиҳасини тақдим этган.

Лойиҳани Бухоронинг шаҳарсозлик меъёрларига тўғри келадиган, сайёҳлар ва маҳаллий аҳоли эҳтиёжи учун зарур деб ҳисоблаган мутасадди раҳбарлар президентининг 2017 йил 19 майдаги «2017–2019 йилларда Бухоро вилояти ва Бухоро шаҳрининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2980-сонли қарори асосида лойиҳа учун 120 квадрат метрдан иборат ер майдонини ажратиб беришган.

«Баҳоуддин Нақшбанд ва Меҳтар Анбар кўчалари кесишмаси ҳудудидаги фойдаланилмайдиган захира ерлари ҳисобидан ажратилган ер майдонида қаҳвахона ва туристик ахборот маркази қуришни мўлжаллаганмиз. 1,2 сотих майдонида лойиҳани амалга ошириш учун ишга киришганимизга бир неча кунгина бўлди. Бироқ, айрим ижтимоий тармоқлар ва Телеграм каналлар орқали тарқалган хабарларда «Франциядан инвестор бўлишга даъво қилаётган бир ақлли одам, сайёҳлик маълумот маркази баҳонасида у ерда cafе қуришга қарор қилди. Табиийки, у дарахтларни кесади», деган ноўрин иддао мавжуд. Шунга қарамасдан, биз ортга чекинмадик», — дейди ёш тадбиркор Саиджон Мақсудов.
























